Япониянинг Акита префектурасида ногиронлар учун мўлжалланган муассасага айиқ ҳужум қилди. Йиртқич ҳайвон 73 ёшли аёлга ташланди. Бу ҳақда NHK хабар берди.

Жабрланувчи зудлик билан шифохонага олиб кетилган. Ҳеч ким айиқнинг муассаса ҳудудига қандай кирганини кўрмаган. Бироқ ҳужум жараёни видео кузатув камераларига қайд этилган. Полиция ва қутқарув хизматлари воқеа жойига етиб келганида, айиқ аллақачон ҳудудни тарк этган бўлган.
Сўнгги ойларда Японияда айиқнинг аҳоли яшайдиган ҳудудларга яқинлашиши билан боғлиқ ҳолатлар кўпаймоқда. Июль ойида Ямагата префектурасида ёввойи айиқ аэропорт ҳудудига кириб бориб, вақтинча учиш-қўниш йўлагининг ёпилишига сабаб бўлганди. Июнь ойида эса бир нечта одамга ҳужум қилиш ҳолатлари қайд этилган.
Японияда ҳар йили айиқнинг турар жойларга кириб келиши билан боғлиқ ўртача 200 та ҳолат юз беради. Айрим воқеалар одамларнинг жароҳатланиши ёки ҳалок бўлишига олиб келади. Бундай ҳодисалар, одатда, қишлоқ жойларда, тоғли ҳудудлар ёки ўрмонзорлар яқинида жойлашган шаҳарларда кузатилади.
Изоҳ (0)