Саудия Арабистонининг “Ан-Насср” клуби ҳимоя чизиғини кучайтириш мақсадида “Бавария” футболчиси Ким Мин Жаэ билан шартнома имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Sports Chosun нашри хабар берди.

Манбага кўра, риёдликлар ёзги трансфер ойнаси доирасида Жанубий Корея терма жамоаси аъзоси билан шартнома имзолаш борасида “Бавария” билан музокаралар олиб борган. Клуб раҳбарияти ўтган мавсум ҳимояда ҳаракат қилган Эймерик Ляпортнинг ўйинидан норози бўлган. Шу боис, француз футболчисининг жамоани тарк этиши эҳтимоли юқори, унинг ўрнини эса айнан Ким Мин Жаэ билан тўлдириш режалаштирилмоқда.
Ким Мин Жаэ 2023 йилнинг ёзида “Наполи”дан 50 миллион евро эвазига “Бавария”га кўчиб ўтган эди. Бироқ у икки мавсум давомида ўзидан кутилган даражадаги ўйинни намойиш эта олмади. Натижада мюнхенликлар “Байер” ҳимоячиси Жонатан Та билан шартнома имзолашга қарор қилди. Бу эса Кимнинг жамоадан кетиш эҳтимолини янада оширди.
Агар “Бавария” ва “Ан-Насср” трансфер борасида келишувга эриша олса, 28 ёшли ҳимоячи Германияни тарк этиб, фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириши мумкин.
Маълумот учун, Ким Мин Жаэ ўтган мавсумда “Бавария” сафида жами 43 учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 3 та гол ёздириб қўйган. Transfermarkt портали унинг қийматини 40 миллион еврога баҳолаган.
Изоҳ (0)