Жорий йил 25 июль куни Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Юнус Ражабий кўчасидаги арчаларга ўт кетди. “Дарё” мухбири суҳбатда бўлган ҳудуд аҳолиси ёнғин уюштирилганини айтмоқда.
Тошкент шаҳар ФВБга соат 10:31 да 72-уй олдида ёнғин бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган. Ўт ўчирувчилар соат 10:36 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни 10:42 да ўчирган. Олов тез фурсатда ўчирилганига қарамай, 7 та арча дарахти ёниб, зарарланган.

Ҳудудда истиқомат қилувчи Маҳмуд Абдиев фикрига кўра, оловни кимдир қасддан ёққан бўлиши мумкин.

Дарахтлар деярли ҳар куни фуқаролар томонидан суғориб турилади. Эрталаб соат 10:20 ларда ҳеч қандай ёнғин аломатлари йўқ эди. Сал туриб чиққанимда эса аллақачон “пожар” ходимлари ўт ўчиришаётганди, дейди фуқаро Раъно Зайниддинова.

Яна бир фуқаро Искандар Кенжаевнинг айтишича, ёнғин чиқишидан аввал баланд овоз эшитилган.

“Ҳар кунгидай эрталаб ўғлим билан турникда шуғулланиш учун кўчага чиқдик. Беш дақиқа ичида кучли пақиллаган овоз эшитилди. Шундан кейин ҳаммаёқни кул қоплади. Ўғлим 10 дақиқа олдин бу йўлдан ўтганида ҳеч қандай ёнғин йўқ эди. Менимча, бу ерга кимдир нимадир қўйган. Балки у ёнадиган суюқлик бўлиши ҳам мумкин. Шунинг оқибатида ёнғин содир бўлган”, дея фикр билдирди у.

Маълумотларга кўра, 2018 йилда Юнус Ражабий кўчасида Golden House ва Британиянинг Benoy архитектура бюроси турар жой комплекси қуришни режалаштирган эди. 2020 йилда собиқ театр институти ҳудуди панжара билан ўралган. Аҳоли кескин норозилик билдиргач, қурилиш ишлари бошланмай тўхтатилган.

Ҳозирда мазкур ҳудудга эгалик ҳуқуқи айнан Golden House компаниясига тегишли. “Дарё” ихтиёрида содир бўлган ёнғин табиий равишда ёки атай уюштирилганини тасдиқловчи маълумотлар мавжуд эмас. Бироқ ҳудуд аҳолиси ёнғин жуда тез содир бўлгани ва аввалдан режалаштирилган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Масъул идоралардан ҳолатни синчковлик билан ўрганишни сўраб қоламиз.
Бундан уч кун олдин (23 июль) Тошкент вилояти Қибрай туманида ҳам ёнғин содир бўлганди. “Дарё” мухбири воқеа жойига бориб ўрганганда, олов қурилиш моллари дўкони ва аҳоли яшаш хонадонларини зарарлагани аниқланган.
Изоҳ (0)