Чирчиқ дарёсидан ноқонуний равишда қум-шағал қазиб олаётган “Г.С” МЧЖ компанияси раҳбари суд ҳукми билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 2024 йил 6 ноябрдан 7 ноябрга ўтар кечаси Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят прокуратураси ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлигида навбатдаги тунги рейд тадбири ўтказилган, унда Чирчиқ дарёси муҳофаза ҳудудидан қум-шағал аралашмаси ортиб берилаётгани аниқланган.
Ҳолатга аниқлик киритилганда қум-шағал аралашмаси “Г.С.” МЧЖга тегишли бўлган тош майдалаш цехига олиб бориб тўкилаётганлиги маълум бўлган.
Жорий йилнинг 25 июль куни Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судида “Г.С” МЧЖ раҳбари С.И. иши кўриб чиқилган. Суд компания раҳбари С.И.ни Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, узил-кесил 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган.
Шунингдек, суд томонидан айбдор жазони умумий тартибдаги колонияда ўташи ва ҳуқуқбузардан давлат фойдасига катта миқдорда зарар учун жарима ундириш белгиланган.
Изоҳ (0)