Ижтимоий тармоқларда журналист Рухсора Бобоқулова Навоий шаҳридаги заҳарли тутун ҳақида жонли эфирда очиқ гапириб юборгани ортидан унга босим бўлаётгани, Навоий вилояти телерадиоканалида жонли эфирлар тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати бу маълумотларни рад этиб чиқди.

Ҳокимлик ахборот хизматининг маълум қилишича, 23 июль куни вилоят телерадиоканали студиясида жиҳозлаш ишлари олиб борилгани ҳамда LED экран ўрнатилгани боис куннинг иккинчи ярмига қадар вақтинча онлайн эфирлар тўхтатиб турилган.
Жиҳозлаш ишлари тугагач, 24 июль соат 18:00 да вилоят телерадиоканали орқали “Очиқ мулоқот” ҳамда 25 июль куни “Ассалом, янги кун!” тонгги дастури 8:00 дан 10:00 гача жонли эфирга узатила бошланган.
Рухсора Бобоқуловага ҳам ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган ва у айни пайтда ўз ижодий фаолиятини давом эттирмоқда. У режага кўра, ҳафтанинг сешанба ва пайшанба кунлари онлайн эфирларда бошловчилик қилади.
Шу билан бирга, Навоий вилояти ҳокимлиги оммавий ахборот воситаларида демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири бўлмиш — сўз эркинлиги, очиқлик, ошкоралик принципларини доимо қўллаб-қувватлашини билдирган.
Изоҳ (0)