Машҳур авиация блогери ва инфлюенсер Сем Чуи ижарага олинган Boeing 747-400 самолётида тўй маросимини ўтказди. Тантана Уммон кўрфази осмонида бўлиб ўтди ва замонавий авиация тарихидаги энг ғайриоддий никоҳлардан бирига айланди.

Илгари Singapore Airlines авиакомпанияси томонидан фойдаланилган самолёт маросимни ўтказиш учун махсус тайёрланган. У Фужайра халқаро аэропортидан ҳавога кўтарилган ва 95 дақиқа давомида амирлик қирғоқлари ва кўрфаз сувлари устида айланма парвоз қилган. Соат 20:00 да лайнер ерга қайтган.

Маросим барча анъанавий тўй маросимларига риоя қилинган ҳолда ўтказилган: келин, стюардесса Фиона оқ кўйлакда, куёв Сем эса классик оқ либосда эди, меҳмонларни қизил гиламли йўлакча кутиб олди, мусиқа янгради ва тўй тортини кесиш билан якунланди. Йўлак, рақс майдони ва тантаналар учун жой яратиш мақсадида самолётдан 100 га яқин ўриндиқлар олиб ташланди. Бу самолётни келин-куёвнинг биринчи рақси ва тўй нутқлари учун ноёб учиш майдонига айлантирди.

Бортда эр-хотиннинг қариндошлари, дўстлари, шунингдек, таклиф этилган журналистлар ва авиация ҳамжамияти вакиллари бор эди.
Сем Чуи маросимдан олинган видеони ўз платформаларига жойлади. Видео тезда юз минглаб кўришлар тўплади ва ижтимоий тармоқларда шов-шувли реакцияга сабаб бўлди.
Сем Чуи YouTube ва бошқа ижтимоий тармоқларда миллионлаб обуначиларга эга бўлган дунёдаги энг нуфузли авиация шарҳловчиларидан бири сифатида танилган. У бир неча бор ноёб рейслар, кам учрайдиган самолёт турлари ва VIP каюталар ҳақида шарҳлар ёзган. Бироқ блогернинг ўзи тан олишича, 747 бортидаги тўй “ҳаётидаги энг шахсий ва муҳим парвоз” бўлган.
Изоҳ (0)