Комедия ва мелодрама жанридаги “Зита ва Гита” фильми Ҳиндистоннинг “Диско раққоси” фильми билан бир қаторда энг машҳур лойиҳалардан бирига айланган. Картина Ҳиндистонда 1972 йилда экран юзини кўрган.

Болалигида ажралиб қолган, кейинчалик тақдир тақозоси билан ҳаётларини алмаштириб юборган эгизак опа-сингиллар — Зита ва Гита ҳақида ҳикоя қилувчи фильм унда рол ижро этган актёрларнинг фаолиятида ёрқин из қолдирди. Баъзиларига эса лойиҳа нафақат эътироф ва машҳурлик, балки шахсий ҳаётда ҳам бахт олиб келди. Қуйида машҳур фильм бош қаҳрамонларини гавдалантирган актриса ва актёрларнинг ҳаёти қандай кечгани ҳақида сўз юритилади.
Ҳема Малини

Зита ва Гита образларини бир вақтда ижро этган актриса Ҳема Малини фильм суратга олинаётган пайтда 24 ёшда бўлган, бироқ у аллақачон ҳинд киносида ўзини кўрсатишга улгурган эди. Унинг дебюти 1965 йилда тамил тилидаги кичик роллардан бошланган. Малини 17 ёшга тўлганида “Панда бу дунёни тарк этади” фильмида раққоса сифатида дебют рол ижро этди. Биринчи рол ёш актрисага у қадар катта шон-шуҳрат келтирмаган бўлса-да, раққосалик истеъдоди дарҳол томошабин назарига тушди. Орадан бир неча йил ўтиб, у ҳинд тилидаги фильмларда суратга туша бошлади.

Сўнг актриса 1968 йилда “Орзулар сотувчиси”, “Ворис” ва “Менинг исмим Жонни” фильмлари билан ҳинд киносининг асосий юлдузига айланди. “Зита ва Гита” эса Ҳемани Болливуднинг юзига айлантирди. Бу рол учун Малини “Фильмфаре” мукофотига сазовор бўлди. Кейинчалик актриса ушбу мукофотга бир неча бор номзод бўлди, бироқ аввалги муваффақиятини такрорлай олмади.

Дастлаб Зита ва Гита образини яратиш Болливуднинг ўша вақтдаги энг машҳур актрисаси Мумтозга таклиф қилинган. Бироқ актриса кам гонорар туфайли фильмда рол ижро этишни рад қилган. Шундан сўнг бу рол Ҳема Малинига насиб қилган. Фильмда актриса икки хил характерли образларни шунчалик ишонарли тарзда ўйнадики, кўплаб томошабинлар Зита ва Гита образларини бир-бирига ўхшаш икки хил актриса гавдалантирган, деб ўйлашган эди.

1990 йилларда у режиссёрлик ва продюсерлик билан шуғулланди, 2003 йилда Ҳиндистон парламентининг юқори палатасига депутат этиб сайланди ва 2010 йилда партиянинг бош котиби лавозимини эгаллади. Шу билан бирга, 2010 йилларнинг охиригача фильмларда суратга тушишда давом этди. Ҳозирга қадар унинг ҳисобида кино ва телевидениедаги 160 дан ортиқ лойиҳа мавжуд.
Дхармендра

Фильмда Гитанинг дўсти ва кейинчалик Зитанинг турмуш ўртоғи бўлган Рака образини Дхармендра ижро этган. Фильм суратга олинаётган вақтда у аллақачон ўн йиллик фаолиятга эга машҳур актёр бўлган ва Ҳема Малини иккиси ўртасида романтик муносабатлар бошланган.
Ўша пайтда Дхармендра уйланган ва тўрт нафар фарзанди бор эди, Малинини эса актёр Санжив Кумар (Рави) яхши кўрарди ва ҳатто унга уйланишни таклиф қилган эди. Аммо Ҳема ва Дхармендра ўртасида пайдо бўлган ҳис-туйғулар вазиятдан кучлироқ бўлди. Уларнинг муносабати секин ривожланди: Ҳема Кумарнинг ҳис-туйғуларига озор бермаслик учун ўзининг меҳрини очиқчасига намойиш қилишдан қўрқарди, шериги эса диний қонунларга кўра рафиқаси билан ажрашолмас эди.

Ниҳоят, 1980 йилда жуфтлик расмий равишда турмуш қурди. Иккинчи марта турмуш қуриш учун Дхармендра ҳатто Исломни қабул қилди. Ўшандан бери актёрлар Болливуд тарихидаги энг таниқли жуфтликлардан бири бўлиб қолишди. Улар ўз фаолияти давомида бирга 35 та фильмда суратга тушган.

Дхармендранинг кино соҳасидаги фаолияти қарийб 60 давом этган. У 300 дан ортиқ фильмда рол ўйнаган ва кассабоп фильмлар сони бўйича рекорд ўрнатган. 1987 йилда у бир йилда 7 та ҳит фильмда суратга тушиб, бу борадаги рекордни ҳануз сақлаб турибди. Ҳозирда 89 ёшда бўлишига қарамай, у фаолиятини якунлаганини расман эълон қилмаган. Сўнгги пайтларда эса ҳар йили 1–2 фильмда иштирок этмоқда.
Санжив Кумар

Зитанинг бўлажак турмуш ўртоғи Рави образини иқтидорли актёр Санжив Кумар ижро этган. 1972 йилга келиб у аллақачон Ҳиндистоннинг энг нуфузли миллий кино мукофоти “Фильмфаре” нинг “Иккинчи даражали энг яхши актёр” номинацияси совриндори эди.
Санжив Кумар ҳар қандай ёшдаги образларни муваффақиятли ижро эта олган кўп қиррали актёр бўлган. У комедик, драматик ва фожиавий ролларни баравар ижро эта олган. Инглиз, ҳинд ва гужарат тилларини эркин билган актёр сифатида у турли штатлардаги режиссёрлар билан ишлаш имконига эга эди. Шунингдек, у кўплаб тамил фильмларининг ремейк версияларида ҳам иштирок этган.

25 йиллик фаолияти давомида у 170 га яқин фильмда суратга тушди. Афсуски, юрак билан боғлиқ муаммолар унинг фаолиятига тўсқинлик қилди. 1985 йилда иккинчи инфаркт оқибатида вафот этди. У атиги 47 ёшда эди.
Манорама

Фильмнинг бош ёвуз образи — Зитанинг очкўз келинойиси Каушаляни актриса Манорама (асл исми Эрин Иссак Дениелс) ижро этган. У фильмда ўз фарзандлари билан Зитанинг ҳисобидан яшайдиган, унинг мол-мулкини эгалламоқчи бўлган шафқатсиз келинойи образини гавдалантиради. Айнан Каушалянинг доимий зўравонлиги Зитанинг уйидан қочишига сабаб бўлади ва шу воқеа фильм сюжетининг бурилиш нуқтасига айланади.
Манорама 1926 йил 16 августда Лахорда дунёга келган. Унинг онаси ирланд, отаси эса насроний-ҳинду бўлган. Манораманинг асл исми Эрин Иссак Дэниэлс бўлиб, ота-онаси мусиқа билан шуғулланган, шунинг учун Эрин мумтоз рақс ва мусиқани ўрганиб улғайган.

У ёшлигидан саҳналарга чиқишни бошлаган ва бир куни таниқли режиссёр Р.К.Шорининг назарига тушган. Қизнинг рақсларини кўрган режиссёр отасидан бўлажак актрисани фильмларда рол ижро этишига рухсат олган ва унга Манорама исмини берган. Ўша вақтда у 10 ёшда бўлган. У биринчи бўлиб, “Хазанчи” фильмида суратга тушган. Йиллар давомида Манорама Панжобда энг талабгир актрисалардан бирига айланган.
1947 йилда Ҳиндистон Британиядан мустақил бўлиб чиққач, турмуш ўртоғи — актёр Ражан Ҳаксар билан Бомбейга кўчади. Тез орада у салбий, аммо кулгили роллар ижрочиси сифатида танила бошлайди ва “Зита ва Гита”даги роли айнан шу қиёфанинг ёрқин намунаси бўлади.
1990 йилларда у Деҳлига кўчиб ўтади ва сериалларда суратга тушишни бошлайди, бироқ катта муваффақиятга эришолмайди. 2007 йилда инсультга учраган Манорама гапириш қобилиятини йўқотади. 2008 йилнинг февралида эса иккинчи инсульт оқибатида ҳаётдан кўз юмади.
Изоҳ (0)