Сўнгги йилларда Осиё футболи жадал ривожланиб, қитъа чемпионатларига қаратилган эътибор сезиларли даражада ортди. Айни дамда кўплаб мамлакатлар футболни стратегик йўналиш сифатида қабул қилиб, маҳаллий чемпионатларига катта молиявий сармоялар киритмоқда. Натижада айрим миллий лигалар трансфер бозори, футболчиларнинг қиймати ҳамда инфратузилма даражаси бўйича жаҳон миқёсида рақобатбардош даражага етди. Шу боис, қуйида Осиё қитъасининг энг қиммат 10 та чемпионати ҳақида маълумот берамиз.

Ҳозирда ОФКга аъзо 31 та мамлакат мунтазам равишда ўз миллий чемпионатларини ўтказиб келмоқда. Transfermarkt порталининг маълумотларига кўра, ушбу лигалар орасида энг қиммат футбол чемпионати Саудия Арабистони Пролигаси ҳисобланади. Сўнгги йилларда мазкур мамлакат юлдуз футболчиларни жалб қилиш эвазига сезиларли даражада ўсишга эришди.

Жумладан, Саудия Пролигасида Криштиану Роналду, Карим Бензема, Калиду Кулибали, Риёд Маҳрез ва Садио Мане каби футболчилар тўп сурмоқда. Шу сабабли, мазкур чемпионат ҳозирда Осиёнинг энг қиммат лигаси ҳисобланади. Пролиганинг умумий қиймати 839,2 миллион еврони ташкил қилади. Чемпионатдаги футболчиларнинг 29,4 фоизи хорижликлар ҳисобланади. Мамлакатнинг энг қиммат жамоаси — “Ал-Ҳилол”, унинг умумий қиймати 159,7 миллион еврога тенг.
Иккинчи ўринда Япония Ж 1 лигаси турибди. Азалдан маълумки, Кунчиқар юрт (Япония) иқтидорли футболчиларни етиштириш билан машҳур. Ҳозирда ушбу лиганинг умумий қиймати 301 миллион еврони ташкил этади. Ж 1 лигасидаги футболчиларнинг 13,5 фоизи легионерлар, қолган 86,5 фоизи маҳаллий ўйинчилардан иборат. Мамлакатнинг энг қиммат жамоаси — “Кашима Антлерс”, унинг қиймати 20,6 миллион евро.

Кучли учликни Бирлашган Араб Амирликлари Пролигаси якунлайди. Ҳозирги кунда амирликлар чемпионатининг умумий бозор қиймати 287,7 миллион еврони ташкил қилади. БАА лигасида жами 431 футболчи тўп сурмоқда. Чемпионатдаги футболчиларнинг 43 фоизи легионерлар бўлиб, асосан бразилиялик маҳаллийлаштирилган футболчилар фаолият юритади. Энг қиммат клуб — “Шабаб Ал-Аҳли”, унинг қиймати 44,2 миллион евро.

Ўзбекистон Суперлигаси ушбу рўйхатда 8-ўринни эгаллаган. Чемпионатнинг умумий бозор қиймати 86,9 миллион еврони ташкил этади. Лигада 426 футболчи фаолият юритади, уларнинг 70 нафари, яъни 16,4 фоизи хорижлик легионерлар ҳисобланади. Энг қиммат футболчилар — “Насаф”нинг икки аъзоси, Абдувоҳид Неъматов ва Акмал Мозговой, уларнинг ҳар бирининг қиймати 1,5 миллион евро. Мамлакатнинг энг қиммат жамоаси эса Тошкентнинг “Пахтакор” клуби бўлиб, унинг қиймати ҳозирда 11,3 миллион еврога тенг.

Осиёнинг энг қиммат чемпионатлари (топ-10):
- Саудия Арабистони — Пролига 839,2 миллион евро
- Япония — Ж 1 Лига 301 миллон евро
- Бирлашган Араб Амирликлари — Пролига 287,7 миллион евро
- Қатар — Юлдузлар лигаси 284,3 миллион евро
- Жанубий Корея — К 1 Лига 137,4 миллион евро
- Хитой — Суперлига 134,3 миллион евро
- Эрон — Пролига 124,4 миллион евро
- Ўзбекистон — Суперлига 86,9 миллион евро
- Австралия — А лига 82,2 миллион евро
- Таиланд — Таи Лига 68,2 миллион евро
Изоҳ (0)