Бугунги кунда кўплаб актёрлар шунчаки ролларга қаноат қилмаяпти — улар ўз ижодий йўлини ўзлари бошқаришга қарор қилган. Қуйида актёрликдан ташқари продюсерлик ва режиссёрлик касбини ҳам пухта эгаллаган Голливуд юлдузлари ҳақида маълумот берамиз.
Бред Питт

Бред Питт асос солган Plan B Entertainment студияси дастлаб Женнифер Энистон ва Бред Грэй билан бирга яратилган. 2005 йилда Питт ва Энистон ажрашди, Грэй бошқа студияга ўтди ва Питт компанияни ёлғиз бошқара бошлади.
Кўплаб актёрлардан фарқли ўлароқ, Питт продюсерлик фаолиятида фақат ўзи рол ижро этадиган фильмларгагина эътибор қаратмади. Аксинча, 25 йиллик фаолияти давомида студия турли жанрдаги фильмлар устида ишлади. Жумладан, “Жаҳон уруши З” ва “Ой нури” фильмлари танқидчилар эътирофига сазовор бўлди.
Компания ҳозирга қадар 48 та бадиий фильм ва 12 та телесериал суратга олган. Буларнинг барчасига қарамай, Питт актёрликни ҳам давом эттириб келмоқда. Бреднинг иккита “Оскар” мукофоти бор — улардан бири айнан продюсерлик иши учун берилган.
Эмма Стоун

Эмма Стоун 35 ёшигача икки карра “Оскар” совриндори бўлган. У йирик бюджетли ҳамда муаллифлик фильмларида Ёргос Лантимос ва Алеҳандро Гонсалес Инйáрриту билан ишлашга улгурган.
2020 йилда Эмма турмуш ўртоғи Дейв МакКери билан бирга Fruit Tree кинокомпаниясига асос солди. Бу орқали у мустақил кинога бўлган иштиёқини намойиш этди. Компания машҳур А24 студияси билан ҳамкорлик шартномасини имзолади.
Икки йилдан сўнг Sundance фестивалида Жесси Айзенберг режиссёрлигида дебют қилган “Дунёни қутқаришни бас қилсанг” фильми намойиш этилди. шунингдек, Fruit Tree компанияси “Мен телевизорнинг нурини кўрдим” номли қўрқинчли фильмига ҳам продюсерлик қилган.
Адам Сендлер

1999 йилда Адам Сендлер ва Роберт Симондс биргаликда Happy Madison Productions студиясини очди. Компания номи Сендлернинг дастлабки муваффақиятли роллари — “Бахтиёр Гилморр” ва “Билли Медисон” фильмларидан олинган.
Студия Кевин Жеймс, Крис Рок ва бошқа кўплаб комик актёрлар билан ҳамкорлик қилди. Уларнинг энг машҳур фильмларидан “Синфдошлар” ва “Ўзингни хотиним деб таништир” кабилардир.
Гарчи танқидчилар Happy Madison фильмларини яхши баҳоламаган бўлса-да, томошабинлар бу картиналарни илиқлик билан кутиб олган, бу эса даромадларга ҳам ижобий таъсир қилган.
Бен Аффлек ва Метт Деймон

Бен Аффлек ва Метт Деймон доим ҳамкорликда ишлаган: улар сценарий ёзади, бир-бирларининг фильмларида рол ўйнайди, режиссёрлик қилади. 2022 йилда улар биргаликда Artists Equity студиясини ҳам очган.
RedBird Capital Partners сармоя компанияси лойиҳа учун 100 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратган. Ҳамкорлик шартларига кўра, Аффлек фақат Artists Equity учун фильм суратга олиши лозим.
Студиянинг илк лойиҳаси — “Аир: афсона билан учрашув” фильми бўлди. Бу лойиҳа Майкл Жорданнинг шахсий брендли кроссовкалари қандай яратилгани ҳақида бўлиб, икки марта Олтин глобус мукофотига номзод бўлган. Бироқ фильм катта даромад олиб келмаган.
Изоҳ (0)