Хорижда ўзбек миллий таомлари ресторани очадиганлар маҳаллий тадбиркорларга харажатнинг бир қисми қоплаб берилади. Бу президентнинг “2025—2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган.

Унга кўра, Туризм қўмитаси томонидан белгиланган етакчи хорижий давлатларда маҳаллий тадбиркорлар томонидан ҳар йили 50 та ўзбек миллий таомларига ихтисослаштирилган умумий овқатланиш корхоналари ва ресторанлар ташкил этилганда уларнинг маълум харажатлари субсидияланади.
Яъни фаолиятини йўлга қўйиш учун рўйхатдан ўтиш ёки рухсатнома олиш, ижара, дизайн, зарур ускуна ва анжомлар сотиб олиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 25 минг доллардан ошмаган миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.
Таомлар тайёрлаш учун бир йилда 300 килограмм маҳсулотни Ўзбекистондан етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизи, бироқ битта тадбиркорлик субъекти учун 100 миллион сўмгача миқдорида субсидияланади. Бунда ушбу мақсадлар учун ҳар йили 30 миллиард сўм ажратилади.
Шунингдек, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб 2028 йил 1 январга қадар ҳар йили ажратиладиган 50 миллиард сўм маблағ доирасида Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан меҳмонхона, умумий овқатланиш корхоналари ва ресторанларнинг ўз фаолиятини тарғиб қилишга қаратилган аудиовизуал маҳсулотлар (видеофильм, видеоролик, клип ва аниме роликлар) яратиш ва тарғиб қилиш харажатларининг 50 фоизи, лекин 50 миллион сўмдан ошмаган қисми қоплаб берилади.
Бунда ушбу мақсадлар учун ҳар йили 20 миллиард сўм ажратилади.
Шавкат Мирзиёев 2 май куни бўлиб ўтган йиғилишда ўзбек миллий таомларини хорижда танитаётган рестораторлар қўллаб-қувватланишини айтганди. Мутасаддиларга хорижда ўзбек ресторанларини ташкил қилишда рўйхатдан ўтиш, рухсатнома ва фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаб беришни йўлга қўйиш топширилганди.
Изоҳ (0)