Google компанияси 40 йилдан бери делфин товушларини ўрганиб келувчи Wild Dolphin Project (WDP) ташкилоти тадқиқотчилари билан DolphinGemma деб номланган янги сунъий интеллект моделини яратди. Бу ҳақда Fox News хабар берди.

Қарийб ярим аср давомида WDP делфин товушларининг хулқ-атвор билан алоқасини ўрганиб келмоқда. Масалан, ҳуштак товуши оналар ва болаларнинг бирлашишига ёрдам беради. Делфинлар ўзаро жанжаллашганда пулсли чақириқ товушини чиқаради. Ғувулловчи овоз эса танишув ёки акулаларни қувлаш пайтида ишлатилади.
DolphinGemma делфинлар чиқараётган товушларни WDP тўплаган маълумотлар билан солиштириб, маъно чиқариб беради. Вақт ўтиши билан товушлардан сўзлар, жумлалар ёки иборалар ясалади. Натижада делфин тили луғати яратилишига йўл очади.
DolphinGemma Google компаниясининг Pixel телефон технологиясидан, хусусан, Pixel қурилмаларида ишлатиладиган аудио ёзиш технологиясидан фойдаланиб, делфинлар овозларининг тоза ва сифатли аудио ёзувларини қайд этади. Ушбу технология тўлқинлар, қайиқ двигателлари ва бошқа сув ости чалғитувчи шовқинлардан делфин овозларини ажратиб беради. Google’нинг таъкидлашича, сунъий интеллект модели 2025 йилнинг ёзида оммага тақдим этилади.
Бу тадқиқот Атлантика доғли делфинларида синаб кўрилган бўлса-да, мутахассислар модел боттленоз ёки спиннер делфинлари каби бошқа турларда ҳам муваффақиятли кечишига умид қилмоқда.
Изоҳ (0)