Сирдарёдаги давлат идораларида фаолият юритаётган раҳбар ходимларнинг саводхонлик даражасини баҳолаш мақсадида ўзбек тилида диктант олинганда қониқарсиз натижа қайд этилган.

Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритиш ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш тўлиқ жорий этилган. Ушбу қарорнинг ижроси Сирдарёда қай даражада бажарилаётгани вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раҳбарлигида 17 апрель куни ўтказилган ҳокимлик соатида муҳокама қилинган.
Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида вилоят маҳаллалар уюшмаси, солиқ, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва молия бошқармалари, айрим тижорат банклари ҳамда йўллардан мунтазам фойдаланиш корхоналарида ушбу қарор ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйилаётгани аниқланган.
Эркинжон Турдимов давлат идораларида фаолият кўрсатаётган раҳбар ходимларнинг саводхонлик даражаларини ошириш, реклама воситалари биринчи навбатда лотин ёзуви асосида ёзилган бўлиши кераклигини айтиб ўтган.
Давлат идораларининг раҳбар ходимларидан саводхонлик даражасини аниқлаш мақсадида диктант олинганда Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 9 нафар ходимидан 6 нафари, вилоят “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 5 нафар ходимидан 4 нафари, “Ўзтелеком” АЖ Сирдарё филиалининг 10 нафар ходимидан 7 нафари, “Ўзбекистон почтаси” АЖ вилоят филиалининг 8 нафар раҳбар ходимидан 4 нафари қониқарсиз баҳо олган.
Ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди. Саводхонликни ошириш, раҳбар кадрларни босқичма-босқич давлат тилида иш юритиш асосларига ўқитиш ва уларни малака ошириш марказларига курсларга жалб этиш белгиланди.
Барча ташкилотларда иш юритишда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтилиши ҳукумат қарори билан белгиланган. Бундан ташқари, марказий, маҳаллий босма ва электрон ОАВ, интернет сайтлари, нашриётлар, матбаа корхоналари фаолияти тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказилиши белгиланди. Шавкат Мирзиёев 2020 йилда ўзбек тилини ривожлантириш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни ҳам имзолаганди. Ҳужжат билан 2020—2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда асосий йўналишлари тасдиқланди.
Изоҳ (0)