Буюк Британияда Америка компанияси Google’га қарши 5 миллиард фунт стерлингдан ортиқ (тахминан 6,6 миллиард доллар) жамоавий даъво киритилди. Бу ҳақда CNBC телеканали хабар берди.

Компания онлайн қидирув бозорида “деярли тўлиқ ҳукмронлик” қилишда айбланмоқда. Даъво Буюк Британиянинг рақобат масалалари бўйича апелляция судига топширилган.
Даъвогарлар Google ўз мавқейидан фойдаланиб, рақобатдош қидирув тизимларининг фаолиятини чеклаганини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, бу компанияга монопол ҳолатини мустаҳкамлаш ва ўз платформасини қидирув рекламасини жойлаштириш учун ягона фойдали майдонга айлантириш имконини берган.
Шунингдек, даъво аризасида Google рақобатни чеклаш учун қатор чоралар кўргани, жумладан, смартфон ишлаб чиқарувчилари билан Google Search ва Chromе браузерини Android қурилмаларига олдиндан ўрнатиш бўйича келишувлар тузгани ҳамда Google’ни Safari браузерида асосий қидирув тизими сифатида ўрнатиш учун Apple компаниясига миллиардлаб доллар тўлагани таъкидланди.
Европа Иттифоқи Америка технология гигантлари Apple ва Меta’ни монополияга қарши қонунчиликни бузганлиги учун жаримага тортиши мумкинлиги хабар берилганди. Еврокомиссия Google қидирув тизимини ўз ичига олган Alphabet компаниясига Европа Иттифоқининг рақамли бозорида рақобат қоидаларини мунтазам равишда бузаётгани тўғрисида огоҳлантириш юборганди.
Изоҳ (0)