Бош прокуратура Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида ҳоким ёрдамчиси фуқароларнинг 635 миллион сўмини ўзлаштиргани ҳақида хабар берганди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда бундай тавсифга мос келадиган мансабдор шахс йўқлигини билдирди.
Бош прокуратура ахборотида Шайхонтоҳур туманида фаолият юритган ҳоким ёрдамчиси М.Ф. 20 нафар фуқароларга электрон тарзда берган тавсияномаларига асосан, қабул қилиб олган электрон калитлардан фойдаланган ҳолда жами 427,7 миллион сўмлик кредит маблағларини қўлга киритиб, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, жумладан эҳтиёжманд оила аъзоларининг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолияти йўлга қўйилишини ташкиллаштирмасдан, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборгани келтирилган.
Шунингдек, М.Ф. ўзининг қариндошлари ва бошқа 5 нафар фуқароларга маҳалла ҳудудида яшамаган бўлсада, қалбаки тавсияномалар орқали жами 207,7 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилишига эришиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинган.
Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги бунга муносабат билдириб, тумандаги маҳаллаларнинг бирида ҳоким ёрдамчиси бўлиб фаолият юритган М.Ф. 2024 йил ноябрь ойининг 29-санасида ўз аризасига кўра лавозимидан озод этилганини маълум қилди.
Пойтахт ҳокимлиги ҳам буни тасдиқлаб, оммавий ахборот воситаларидан ахборотни эълон қилишда ишончлилик, холислик ва масъулият тамойилларига амал қилишга чақирди.
Изоҳ (0)