“Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, электротехника саноатини 2025–2027 йилларда ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг асосий йўналишлари белгиланди.
2025 йил 1 февралдан қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади:
- божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида тайёрланган маҳсулотларни кейинги ишлаб чиқарувчилар томонидан саноат кооперацияси тартибида қайта ишлаш учун божхона ҳудудида қайта ишлаш режимига жойлаштиришга рухсат берилади;
- корхоналарнинг ривожланиш ва тадқиқот марказлари фаолиятини йўлга қўйиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган лаборатория жиҳозлари ва анжомлари 2028 йил 1 февралгача божхона божидан озод этилади.
Шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг ва давлат органларининг маъмурий бино-иншоотларини, шунингдек ижтимоий соҳа объектларини қуриш бўйича харид қилиш ҳужжатларига қуйидаги талаблар киритилади:
- пудратчилар зарур товарларни Ишлаб чиқарувчилар экотизими ва Электрон кооперация порталидаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилади;
- зарур товарлар порталларда мавжуд бўлмаса, тасдиқловчи маълумотномалар асосида уларни бошқа электрон порталлардан харид қилишга рухсат этилади;
Ишлаб чиқарувчилар экотизимида савдолар давлат буюртмачилари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида электрон дўкон тартиб-таомиллари асосида, шартнома қиймати билан боғлиқ чекловларсиз ўтказилади, бунда оферталар маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификат маълумотлари асосида шакллантирилади.
Ўзбекистонда электротехника соҳаси
Бу соҳанинг саноатдаги улуши 3,5 фоиз, товарлар экспортида 10 фоизни ташкил этади. Ўтган йили 31 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган,1 миллиард 300 миллион доллар экспорт қилинган. 516 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилиб, 85 та янги корхона ишга тушган. Бу соҳада 27 мингдан зиёд фуқаро ишламоқда.
2024 йил 5 сентябрда бўлган видеоселектор йиғилишида соҳада натижадорликни ошириш имкониятлари кўрсатиб берилган эди. Шунга асосланиб, жорий йилда қатор вазифалар белгилаб олинган. Йиғилишда президент электротехника экспорти 1 миллиард долларга етгани, тўқимачиликдан кейинги иккинчи маҳаллий саноат тармоғига айланганини таъкидлаганди.
Давлат раҳбари 11 январь куни электротехника соҳасидаги натижалар ва галдаги вазифаларга оид тақдимот билан танишганди. Унда тадбиркорларга технопарклар ҳудудида тайёр бино қуриб, электротехника ва турдош соҳа корхоналарига сотишга рухсат бериш мўлжалланаётгани айтилганди. Юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркорларни уч йил муддатга фойда ва мол-мулк солиғидан озод қилиш таклиф этилмоқда.
Изоҳ (0)