Италия бош вазири Жоржа Мелонининг Италияда туғилиш даражасини ошириш сиёсати барбод бўлмоқда, чунки статистик маълумотлар мамлакатда туғилиш даражаси пасайиб бораётганини кўрсатмоқда, деб ёзади Times нашри.
Италия Туғилишни рағбатлантириш жамғармаси раҳбари Жижи Де Пало Италияда демографик вазиятни тўғирлаш чоралари сифатида “шок терапияси”ни ўтказиш кераклигини маълум қилди.
Istat миллий статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг етти ойи давомида Италияда туғилиш даражаси 4,6 минг болага ёки 2,1 фоизга камайган. Бутун 2023 йилда 379 890 италиялик туғилган, бу 2008 йилдаги инқироз йилига нисбатан учдан бир баравар кам.
Италиялик аёллар ўртача ҳисобда биттадан бола туғадилар (кўрсаткич 1,21), аҳоли сонини барқарор сақлаш учун эса ушбу кўрсаткич иккита (2,1)ни ташкил этиши керак. Istat таъкидлаганидек, Италияда кўплаб аёллар биринчи фарзандларини 30 ёшда туғадилар ва эр-хотинлар барқарор иш ва уй-жой топиш муаммолари туфайли оила қуришни кечиктирмоқда.
Де Палонинг сўзларига кўра, Италияда 18 ёшгача бўлган болани боқиш учун тахминан 178 минг евро керак бўлади, кейин эса бу болалар улғайиб, “бошқа мамлакатлар ялпи ички маҳсулотини тўлдириш учун кўчиб кетишади”.
“Ҳукумат тараққиётга эришмоқда, аммо бу етарли эмас. Италияга компаниялар, банклар, шаҳарлар ва сиёсий мухолифатни бирлаштирадиган туғилиш сиёсати ъшок терапиясиъ керак”, дейди у.
Италиянинг қаришни ўрганиш агентлиги раҳбари Роберто Бернабейнинг фикрича, ўртача икки болалик кўрсаткичга қайтиш учун бир неча авлод керак бўлади, шу билан бирга Италияда 59 миллион аҳолининг 1 миллиони 90 ёшдан ошган кексаларни ташкил этади.
2023 йилда Италия туғилишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, жумладан, икки ёки ундан ортиқ болали ишлайдиган оналар учун ижтимоий тўловларни камайтириш учун 1 миллиард евро ажратган.
Сентябрь ойида Европа Иттифоқида (EИ) тирик туғилганлар сони 1960 йилдан бери биринчи марта 4 миллиондан камайганини, 2022 йилда эса атиги 3,88 миллион чақалоқ туғилганини хабар қилинган эди. ЕИда туғилишнинг энг паст кўрсаткичлари Малта (1,08), Испания (1,16), Италия (1,24), Греция (1,32) ва Кипрда (1,37) қайд этилган.
Изоҳ (0)