Агар Вашингтон қурол ишлатиш бўйича чекловларни бекор қилса, Киев зарба бериши мумкин бўлган Россиядаги потенциал нишонлар рўйхатини АҚШнинг миллий хавфсизлик хизматларига тақдим этишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Politico Украина расмийларининг ҳаракатларидан хабардор учта манбага таяниб хабар берди.
“Киев ушбу рўйхатдан Вашингтонни Россия ҳудудида Америка қуролларидан фойдаланишга қўйилган чекловларни бекор қилишга ишонтириш учун сўнгги уринишда фойдаланишни режалаштирмоқда”, деб ёзади нашр.
Украина аввалроқ Қўшма Штатларга баъзи потенциал нишонларни кўрсатган ва янги рўйхат янада батафсилроқ бўлиши кутилмоқда.
Нашр манбаларига кўра, Украина Мудофаа вазири Рустем Умеров ва Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак жорий ҳафтада музокаралар ўтказиш учун Вашингтонга ташриф буюриши ҳамда Америка маъмуриятига янгиланган рўйхатни тақдим этиши режалаштирилган.
АҚШ расмийларининг фикрича, чекловларни олиб ташлаш можаронинг бориши учун стратегик аҳамиятга эга эмас, чунки Россия “энг муҳим мақсадларни, жумладан, авиацияни ҳам эришиб бўлмайдиган қилиб қўйган”, деб ёзади нашр.
Бироқ Politico суҳбатдошларининг таъкидлашича, Киев ўзи муҳим деб ҳисоблаган ва ўз нуқтаи назаридан Америка ракеталари ёрдамида зарба берилиши мумкин бўлган бир нечта нишонларни аниқлаган.
Айрим Ғарб давлатлари аввалроқ Киевга Россия ҳудудига зарба бериш учун ўзлари етказиб берган узоқ масофали қуроллардан фойдаланишга рухсат берган эди. Қўшма Штатлар Киевга Россия ҳудудидаги нишонларни уриш учун Америка қуролларидан фойдаланишга чекланган даражада рухсат берган.
Киев чекловларни янада юмшатишни бир неча бор сўраган. Зеленский, хусусан, ATACMS’дан фойдаланиш бўйича чекловларни олиб ташлашга ҳаракат қилмоқда. Украина армияси Қримдаги нишонларга зарба бериш учун бир неча бор ушбу узоқ масофали ракеталардан фойдаланган. WP’га кўра, Киев улардан Россия аэродромларига ҳужумлар учун фойдаланишга рухсат сўрамоқда.
Изоҳ (0)