Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев 8 август куни тор доирада учрашув ўтказди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, унда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлигининг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, ушбу давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга экани, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилганини таъкидлади.
Ташриф арафасида ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес форуми ва қатор маданий тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани қайд этилди. 2034 йилга қадар сратегик шериклик ва иттифоқчилик дастури тайёрланди, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари раислигидаги кенгаш ташкил этилмоқда.
Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми икки баробар, қўшма корхоналар сони беш баробар кўпайди, юк ташиш ҳажми ортмоқда, йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий ва тармоқ идоралари даражасидаги мулоқотлар натижадорлигини ошириш, халқаро ва минтақавий майдонлар, жумладан, БМТ, Жаҳон савдо ташкилоти, минтақа давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари, “Марказий Осиё плюс” форматлари доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.
Ёшлар сиёсати ва ахборот майдонини шакллантириш соҳасида яқин ҳамкорликни ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Бу йўналишда комплекс ҳамкорлик дастурини тайёрлашга келишиб олинди.
Икки мамлакат парламентлари палаталари иштирокида Парламентлараро форум ташкил этилиши қўллаб-қувватланди.
Товар айирбошлаш ҳажмини, энг аввало, ўзаро бозорларни шакллантириш ва учинчи мамлакатлардан импортнинг ўрнини босиш ҳисобига янада оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, ҳукуматларга ой якунига қадар товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиш топширилди.
Саноат кооперациясини ривожлантириш мақсадида жорий саммитга қадар умумий қиймати 7 миллиард долларлик янги битим ва шартномалар портфели ишлаб чиқилди. Улар орасида энергетика, транспорт ва логистика, металлургия, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги лойиҳалар бор.
Сирдарё вилоятида Халқаро саноат кооперацияси маркази қурилишини жадаллаштириш ва у ерда корхоналарни жойлаштиришга келишиб олинди. Йирик лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш масаласи ўрганилади.
Транзит юк ташиш учун қулай шароитларни таъминлаш, қўшма логистика мажмуаларини қуриш, икки мамлакат ўртасида автомобиль ва темир йўл йўналишларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Стратегик минтақавий лойиҳаларни, шу жумладан Қамбарота ГЭС-1 қурилишини тез фурсатда амалга оширишга устувор эътибор қаратилди.
Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. Ҳудудлар форумини икки Ҳудудлар раҳбарлари кенгашига айлантириш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йилнинг кузида Самарқандда ўтказишга келишиб олинди.
Давлат раҳбарлари томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Шавкат Мирзиёев 7 август куни давлат ташрифи билан Қозоғистонга келди. Остона халқаро аэропортида давлат раҳбарини Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев кутиб олди. 8 август куни Оқўрда қароргоҳида Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Ташриф дастурига мувофиқ, икки мамлакат раҳбарларининг музокаралари ва президентлар раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган. Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари, халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилади.
Давлат ташрифи арафасида икки мамлакат ишбилармон доираларининг 300 дан ортиқ вакиллар иштирокида қўшма бизнес-форум бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)