Андижонда онлайн қиморда 11 млн сўм ютқазиб қўйган уч фарзанднинг онаси ўзини каналга ташлади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати “Дарё”га хабар берди.
Маълум қилинишича, Асака тумани, “Хонақа” МФЙда яшовчи Н.I. 17 июль куни вилоят ИИБнинг 102 қисқа рақамига мурожаат қилиб, қизи — 1996 йилда туғилган Х.М. ўша куни соат 17:00 ларда уйидан чиқиб, номаълум томонга кетиб, қайтиб келмасдан бедарак йўқолгани сабаб уни қидириб топишни сўраган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Х.М. овсини П.М.га тегишли бўлган телефон рақамига Telegram орқали 17 июль куни соат 17:00 ларда онлайн савдо платформасида пул маблағлари ютқазиб қўйганини, шу сабабли ўз жонига қасд қилмоқчилигини билдириб, овозли хабар қолдиргани аниқланган.
Туман прокуратураси, туман ИИБ ва ФВБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида, Х.М.нинг жасади 22 июль куни соат 10:00 ларда Асака тумани, “Лабгардон” МФЙдан оқиб ўтувчи “Асака ташламаси” сойидан тан жароҳатларисиз топилган.
Ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан тайинланган суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида ўлимга юқори нафас йўлларининг сув билан беркилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия сабаб бўлгани кўрсатилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Асака туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Изоҳ (0)