Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги банкларнинг бирида пластик карталар секторининг етакчи мутахассиси лавозимида ишлаган фуқарога суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, у 2019 йилнинг июль ойидан 2022 йилнинг март—май ойларигача бўлган муддатда банкнинг 9 миллиард 208 миллион 862 минг сўм пулини компьютер техникаси ёрдамида талон-торож қилиб, 1XBet тоталитар ўйинига тикиб юборган. Ва ютқазган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Жиноят кодексининг 167-моддаси “а” ва “г” бандлари (мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли орқали ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан айбдор деб топилган. Унга нисбатан 3 йил муддатга ҳар қандай банк ва молия соҳасидаги муассаса, корхона-ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик мажбуриятлари, моддий ва молиявий жавобгарлик белгиланган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ва 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Аввалроқ “Ўзмиллийбанк” АЖнинг Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туман филиали ходими саккиз ой давомида хориждан келаётган маблағларни 9 талик код орқали ўзлаштириб, шу муддат давомида банкнинг 170 минг долларини қўлга киритгани ва қиморда ютқазиб қўйгани хабар берилганди.
Изоҳ (0)