АҚШ президентлигига номзод вице-президент Камала Ҳаррис Ғазо секторидаги азоб-уқубатларга жим қараб турмасликка ваъда берди. Бу ҳақда у Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан бўлиб ўтган учрашувдан кейин айтди.
Ҳаррис Исроил бош вазирига ўзининг жиддий хавотирларини билдирди ва унга ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар вақти келганини айтди.
“Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга ва буни қандай амалга ошириши аҳамиятга молик. Сўнгги тўққиз ой ичида Ғазода содир бўлган воқеалар ҳалокатли. Кўз олдимизда ҳалок бўлган болалар ва хавф-хатардан қочаётган, баъзан иккинчи, учинчи ёки тўртинчи марта кўчиб кетишга мажбур бўлаётган оч-наҳор одамлар тасвири гавдаланмоқда. Биз бу фожиалардан юз ўгира олмаймиз. Азоб-уқубатлар олдида гунг бўла олмаймиз ва мен жим турмайман”, деди у.
Ҳаррис Байденнинг “қўллаб-қувватлаши” ва Исроилга “қатъий содиқлиги” ҳақидаги изоҳларини такрорлади, аммо у урушни тўхтатиш масаласида қатъий эканини айтди. У АҚШнинг ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш таклифини эсга олди.
“Урушни Исроил хавфсиз бўлган, барча гаровга олинганлар озод этилган, Ғазодаги фаластинликларнинг азоб-уқубатлари тугаган, фаластинликлар ўз эркинлиги, қадр-қиммати ва ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин бўлган тарзда тугатиш вақти келди”, дея хулоса қилган у.
Изоҳ (0)