Агар Грузияда кузда бўлиб ўтадиган сайловларда мухолифат ғалаба қозонса, мамлакатда Россияга қарши иккинчи фронт очилиши мумкин. Бу ҳақда Грузия бош вазири берган баёнотга асосланиб, EurAsia Daily нашри хабар берди.
Бош вазир Ираклий Кобахидзе мухолифатнинг ғалабаси Грузия учун ташқи сиёсат курси ўзгаришини англатишини айтган. Бу эса мамлакатнинг ҳукуматдан ажралган қисмларини қайта назоратга олиш учун Россия билан урушга кириш мумкинлигини англатади.
26 октябрдаги сайловлардан сўнг Грузия бир неча кун ичида Россияга қарши ҳарбий амалиётларнинг “иккинчи фронти”га айланиб қолиши мумкин. Ҳозирда мамлакат ҳукуматини ҳам, Грузиядаги ёндош сиёсий кучларни ҳам урушга ундаётган хорижий манбалар етарлича. Бош вазир Рустави 2 телеканалига берган интервьюсида ҳам бу баёнотларни такрорлаган.
Кобахидзенинг таъкидлашича, у воқеаларнинг бундай ривожланиши ҳақида ўзида мавжуд бўлган маълумотлар ва олдинги сиёсий тажрибага асосланиб гапирган. Грузияда ҳам катта эҳтимол билан Украинага ўхшаш сценарий тайёрланаётган бўлиши мумкинлиги хабар берилган.
Аввалроқ Грузия Давлат хавфсизлик хизмати мамлакатда давлат тўнтариши уюштириш ва ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси асосчиси Бидзина Иванишвилини ўлдирилишга уринган гуруҳ аниқлангани ҳақида хабар берган эди. Махсус хизматга кўра, ушбу кескин ва провокацион ҳаракатни ташкил қилиш билан Украинада бўлиб турган грузиялик собиқ амалдорлар шуғулланмоқда.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россия Иванишвилига суиқасдни ҳар қандай бошқа шунга ўхшаш уринишлар каби қоралашини айтган. Мамлакатда барқарорлик сақланиши Россиянинг ҳам манфаатларига тўғри келиши айтилган.
Изоҳ (0)