Президент раислигида ўтказилаётган йиғилишда кун тартибидаги навбатдаги масала – қурилиш ва транспорт комплексидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Қурилиш соҳаси ярим йилда 10 фоизга ўсиб, 80 триллион сўмга етди. Шундай бўлса-да, хотиржамликка берилмай, қурилишда таннархни пасайтириш бўйича жиддий шуғулланадиган вақт келгани таъкидланди.
Қурилиш таннархи фақат ер ва қурилиш материалларига боғлиқ эмаслиги, техник талабларни мослаштириш, лойиҳани келишиш, қурилишга рухсат олишдаги мураккаб тартиботлар ҳам таннархга таъсир қилиши қайд этилди. Бу борадаги жараёнлар такомиллаштирилиб, тадбиркорлар учун шароитлар яхшиланса, қурилиш материаллари, элтехсаноат, ипотека хизматлари каби ёндош соҳалар ривожланишига катта туртки бўлади.
Йиғилишда Қурилиш инспекцияси фаолиятини жонлантириш зарурлиги қайд этилди. Ўтган бир ярим йилда экспертизаси йўқ 2,2 минг объект қурилишига асоссиз рухсат берилган. Ўтган йил рўйхатдан ўтказилмасдан қурилиши бошланган 1,6 мингта объект аниқланган.
Шу боис, ушбу инспекция ҳукумат таркибига ўтказилиши ва ваколатлари кенгайтирилиши белгиланди. Рухсатсиз ёки лойиҳадан четга чиқиб қилинаётган қурилишлар бўйича жазо чораларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Бундай ҳолатларни аниқлаш учун Қурилиш инспекциясининг техник воситалар, шу жумладан, дронлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил июлда Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш ва ипотека соҳаларида ислоҳотларни жадаллаштириш ҳамда архитектура йўналишидаги олий таълим муассасаларини трансформация қилиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда Қурилиш инспекцияси фаолияти қайта кўриб чиқиш кераклиги айтилган эди.
Изоҳ (0)