Фаластиннинг ҲАМАС ва Фатҳ ҳаракати раҳбарлари музокаралар ўтказиш учун келаси ой Хитой пойтахтига боради. Бу ҳақда 15 июль куни Рамаллаҳдаги Фаластин ҳукумати тарқатган хабарга асосланиб, Al Arabiya нашри маълум қилди.
Манбада айтилишича, Пекинда ўтказиладиган музокаралардан мақсад ўзаро муросага келиш ва ихтилофларни тугатиш. Томонлар келгусида бир байроқ остида бирлашиш масаласини кўриб чиқиши ҳам мумкин.
Фатҳ ҳаракати учрашувда қатнашадиган раҳбарларнинг шахсини ҳам ошкор қилган. Унга кўра, Пекиндаги учрашувда ҲАМАС делегациясига ташкилотнинг Қатарда жойлашган сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания, Фатҳ музокара гуруҳига эса ушбу партия раҳбари ўринбосари Маҳмуд Алул бошчилик қилади,
ҲАМАС ва Фатҳ Фаластиннинг икки турли қисмлари устидан назорат юритиб келади. ҲАМАС Ғазо секторида жойлашган бўлса, Фатҳ Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддус ҳудудларида фаолият юритади.
ҲАМАС гуруҳи 2006 йилги сайловларда ғалаба қозониб, катта сиёсатга кириб келган. Ғалабадан сўнг Ғазода ҳалокатли тўқнашувлар бўлиб, Фатҳ тарафдорлари анклав ҳудудидан чиқариб юборилган. Сектор назорати тўлиқ янги ҳокимият қўлига ўтган.
Фатҳ марказий қўмитаси бош котиби ўринбосари Сабри Саидамга кўра, икки томон вакиллари учрашуви 20—21 июль кунларига белгиланган. Хитой ҳукумати музокараларда томонларнинг муросага келишига умид билдирган.
Манбада айтилишича, Хитой ўзини Исроил—Фаластин можаросида рақиби Қўшма Штатлардан кўра кўпроқ нейтрал тараф сифатида кўрсатишга уринмоқда. Пекин Исроил билан ижобий алоқаларни сақлаб қолган, шу билан бирга икки давлат ечимини ҳам ёқлаб чиқмоқда.
Изоҳ (0)