Республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп суиқасддан кейин илк бор қулоғи боғланган ҳолда омма олдида чиқиш қилди. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди.
Трамп Висконсин штатининг Милуоки шаҳрида бўлиб ўтган Республикачилар партиясининг миллий қурултойига келган. Қурултойда ҳозир бўлганлар сиёсатчи саҳнага чиқиши пайтида “АҚШ” ва “Кураш, кураш, кураш!” деб бақирган. Айнан шу шиорларни Трамп суиқасдга учрашидан кейин қўлини мушт қилган ҳолда айтганди.
Сиёсатчини қурултойда “Америка Қўшма Штатларининг навбатдаги президенти” сифатида таништиришган ва республикачилар уни расман президентликка номзод сифатида кўрсатган.
Трамп эса вице-президент лавозимига номзоди — сенатор Жеймс Девид Венсни илгари сурган. Республикачилар партиясининг қурултойи 15—18 июль кунлари бўлиб ўтади.
Дональд Трампга суиқасд
АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп 14 июль куни Пенсилваниянинг Батлер шаҳридаги сайловолди митинги пайтида яраланган эди. Ҳодиса акс этган видеода унинг чиқиши чоғида ўқ овозига ўхшаш товушлар эшитилган. Шундан сўнг Трамп қулоғини ушлаб ётиб олган. Қўриқчилар шу заҳоти Трампни ўраб олган. Президентликка номзод ўрнидан турганида қулоғидан қон оқаётганини кўриш мумкин. Махсус хизмат агентлари уни қуршаб олиб, кўтарилишга ёрдам берган ва саҳнадан олиб кетган.
Бу ҳодиса қотилликка уриниш сифатида баҳоланмоқда. Ўқ узган шахс махсус хизмат ходимлари томонидан ўлдирилган.
Айни пайтда сиёсатчининг аҳволи яхши экани айтилмоқда. АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден Трампнинг хавфсизликда эканини ҳамда ўзини яхши ҳис қилаётганини эшитганидан хурсандлигини билдирган. Ҳар икки йирик партиянинг америкалик сиёсатчилари Трампни қўллаб-қувватловчи ва сиёсий зўравонликни қораловчи баёнотлар билан чиқмоқда.
Изоҳ (0)