АҚШ президенти Жо Байден Демократик партиянинг биринчи дебатдаги фаолиятидан норози бўлган ва сайловдан чиқишни таклиф қилган аъзоларини август ойида бўлиб ўтадиган партия қурултойида президентликка ўз номзодларини кўрсатишга чақирди.
Сиёсатчи, шунингдек, MSNBC телеканалига берган интервьюсида “элиталар”нинг уни кампанияни тўхтатишга мажбур қилиш истагидан жуда хафа эканлигини айтган.
Агар бу одамлардан бири мени сайловда қатнашмаслигим керак деб ҳисобласа, менга қарши туринг. Президентлик сайловида ўз номзодингизни олға суринг, — дейди Байден.
Амалдаги давлат раҳбари мунозарада муваффақиятсизликка учраганидан кейин сайловдан четлатилиши мумкинлиги ҳақидаги гаплардан ғазаблангани ва ҳеч қаерга кетмаслигини маълум қилган.
Демократик партиянинг миллий қурултойи 19—22 август кунлари Иллинойс штатининг Чикаго шаҳрида бўлиб ўтади. Бироқ Огайо қонуни партиялар штат сайлов бюллетенига киритилиши учун барча номзодлик ҳужжатларини 7 августгача — партия қурултойига икки ҳафта қолганда топширишни талаб қилади. Шунинг учун Демократик миллий қўмита Байден номзодини деярли 21 июлдаёқ кўриб чиқишга қарор қилган.
Аввалроқ Байден демократ-конгрессменларга мактуб йўллаб, унда баъзиларининг оммавий чақириқларига қарамай, ўз номзодини қайтариб олмаслигини айтган эди. Байден ўтган праймериз натижаларини сайловолди пойгасини тарк этмаслик қарорининг асосий сабабларидан бири сифатида келтирган. Бундан ташқари, АҚШ президентининг сўзларига кўра, бутун партиядан фақатгина у Дональд Трампни мағлуб этишга қодир.
Изоҳ (0)