5 та турнирни ўзида жамлаган ушбу нуфузли шахмат мусобақасининг умумий мукофот жамғармаси 1,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Унда ўзбекистонлик Нодирбек Абдусатторов ҳам қатнашаётгани ҳақида маълумот берилган эди.
Мусобақанинг 7-тур учрашувлари кеча, 3 июль куни ўтказилди. Ушбу турда барча партиялар дуранг билан якунланди. Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Уэсли Со (2757)га қарши ўйнади ва дурангга имзо чекди. Ўйинда Нодирбек қийин вазиятда мағлубиятдан қутулиб қолганини алоҳида эътироф этиш зарур.
Турнирнинг биринчи рақамли иштирокчиси Фабиано Каруана (2805) 7-турда ҳиндистонлик Доммаражу Гукеш (2763) билан дуранг ўйнади. 7-турдан сўнг Каруана 4,5 очко билан якка пешқадам бўлиб турибди. Фирузжа, Праггнанандҳа ва Гукеш ҳисобида 4 очко бор.
Нодирбек Абдусатторов 3 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 8-ўринни эгаллаб турибди. Уэсли Со ва Аниш Гири ҳисобида ҳам 3 очкодан бор. Бугун 4 июль куни Нодирбек оқ доналарда 10-ўринда бораётган руминиялик Богдан-Даниел Дяк (2680)га қарши баҳс олиб боради.
Маълумот учун, Superbeт Chess Classic Romania турнирининг мукофот жамғармаси 350 000 АҚШ долларини ташкил этади. Мусобақа ғолиби 100 минг АҚШ долларига эга чиқади.
Изоҳ (0)