АҚШ Олий судининг собиқ президент Дональд Трампнинг қисман дахлсизлик ҳақидаги даъвоси бўйича қарори хавфли ҳодиса ҳисобланади. Бу ҳақда АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден баёнот берди.
Бу янги тамойил ва хавфли прецедент, чунки мансаб ваколатлари энди қонун билан чекланмайди. Ягона чекловларни президентнинг ўзи белгилайди, — дейди Байден.
АҚШ раҳбарининг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар мамлакатда “қироллар” бўлмайдиган ва ҳеч ким, ҳатто президент ҳам қонундан устун келмайдиган тамойилга асосланади. Байденга кўра, суд қарори қонун устуворлигига путур етказади.
1 июль куни АҚШ Олий суди Трампга ҳуқуқий таъқибдан мутлақ иммунитет беришни рад этган эди. Шу билан бирга, суд уни қисман дахлсизликка эга, деб ҳисоблаган — бу собиқ давлат раҳбарининг президентлик давридаги “конституциявий ваколатлар” доирасидаги ҳаракатларига тааллуқлидир. Иммунитет Трампнинг бошқа ҳаракатлари учун таъминланмайди.
Трамп суд қарорини конституция ва демократиянинг “буюк ғалабаси” деб атаган.
Изоҳ (0)