Янги Зеландияда аёл уни аэропортга олиб бора олмаган собиқ йигитини судга берди. Бу ҳақда мамлакат маҳаллий нашрларига таяниб, BBC хабар берди.
Аёл айтишича, собиқ йигити уни аэропортга олиб бормаган. Оқибатда у парвозини ўтказиб юборган ва дўстлари билан концертга бора олмаган.
Аёл ўзаро келишувга кўра йигити уни концерт кунида аэропортгача олиб бориши, сўнгра уйга қайтиб, унинг итларига ғамхўрлик қилиши керак бўлганини айтган. Аммо йигит бу оғзаки келишувни бажармаган.
Ўзига етган зарар учун аёл йигитидан 30,000 Янги Зеландия доллари (18 383 АҚШ доллари) миқдорида маблағ талаб қилган. Ушбу маблағ ўтказиб юборилган парвоз, қўшимча харажатлар, жумладан, концертдан кейинги кундаги саёҳат қилиш учун харажатларни қоплаши кераклигини айтган.
Собиқ йигит ҳам ушбу даъволар ортидан судга ариза киритган. Улар муносабат қуриб келган 6 йил давомида сарфлаган харажатларини ундириб беришни сўраган. Ундириладиган сумма йигитнинг адвокатлари томонидан ҳисоблаб чиқилаётгани билдирилган.
Суд аёлнинг аризасини кўриб чиқиб, рад этган. Ушбу даъвони қўллаб-қувватловчи ҳеч бир асос йўқлиги билдирилган.
“Ҳамкорлар, дўстлар ва ҳамкасблар ижтимоий келишувлар тузадилар, аммо томонлар ўз ваъдаларини амалга ошириш ниятини кўрсатадиган бирор-бир бошқа қонуний хатти-ҳаракатни амалга оширмасалар, даъво қонуний кучга эга бўлиши даргумон”, — деган суд ишини кўриб чиққан судья Крисиа Кови.
Изоҳ (0)