Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида йўл қурилиши сабаб 6 та чинор кесилди. Вилоят прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини бошлади.
Аниқланишича, Китоб тумани ҳокимининг 2019 йилдаги қарорига асосан, туман ҳудудидаги 4Р-23Л автомобиль йўлининг 0-5 километр қисмида тўла таъмирлаш ишлари олиб бориш жараёнида йўл қурилиши минтақасига тушган кўп йиллик дарахтларни кесишга рухсат берилган.
19 июнь куни “Китоб йўл қурилиш-таъмирлаш” МЧЖ ходимлари томонидан 6 та чинор кесиб олинган.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирексияси давлат унитар корхонаси ва вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ўртасида 2019 йилда расмийлаштирилган ҳисоб фактурага асосан кесилган дарахтлар учун салкам 250 миллион сўм тўлаб берилиши назарда тутилган ва ушбу маблағлар тўлаб берилган.
Туман ҳокимлиги матбуот хизматининг билдиришича, ҳолат Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вилоят бошқармаси томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда. Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати эса вилоят прокуратураси томонидан мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Маълумот учун, “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилган.
Изоҳ (0)