“Дарё” нашрига фуқародан келиб тушган мурожаатда айтилишича, Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “Кўк гумбаз” маҳалласида номаълум йиртқич уй ҳайвонларини бўғизлаб кетмоқда.
Мурожаатчи юборган видеотасвирларда кўринишича, қўрадаги ўнлаб қўйлар бўғизлаб ташланган.
Буни қайси йиртқич ҳайвон қилаётганини билолмаяпмиз. Маҳаллада 40 бошдан ортиқ қўйларни бўғизлаб кетди.
Маҳалла раисига, ҳокимиятга мурожаат қилдик, лекин самара бўлмаяпти, — деди мурожаатчи “Дарё” мухбири билан суҳбатда.
Ҳолат юзасидан Жомбой тумани ҳокимлиги ахборот хизмати изоҳ берди.
Ҳақиқатан ҳам, шундай ҳодиса бўлаётгани ҳақида икки кун аввал маҳалла раиси ҳокимиятга мурожаат қилган. Масалани ўрганиш, ҳайвонни тутиш туман ободонлаштириш бўлимига юклатилган,— деди ҳокимлик ахборот хизмати вакили.
Унинг қўшимча қилишича, охирги беш йилда бундай ҳолат туманда кузатилмаган.
Изоҳ (0)