Совет Иттифоқи — миллионлаб инсонларнинг қурбон бўлиши эвазига вужудга келган қизил империя эди. Уни қон эвазига қурган “доҳий”лар келажакда империяни сақлаб қолиш учун турли халқлар яшайдиган нуқталарда сунъий равишда чегаралар белгилаб, қардош халқлар орасида “мина”лар экиб кетишган эди. Масалан, Фарғона водийси бу борада Марказий Осиёдаги энг қайноқ нуқта ҳисобланади.
2010 йил 10 июль куни юқорида тилга олиб ўтилган энг қайноқ нуқта, яъни Қирғизистоннинг жанубида илдизи бир ҳисобланган, асрлар давомида ёнма-ён яшаб келган қирғиз ва ўзбеклар бир-бирига қарши қурол кўтарди. Ўш воқеалари деган ном билан тарихга кирган ушбу низо оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 470 нафар инсон ҳалок бўлиб, мингдан зиёд фуқаролар турли жароҳатлар олган. Бундан ташқари, Қирғизистондаги қирғиндан қочиб, Ўзбекистонга ўтган ўзбеклар сони эса юз мингдан ошган.
Ушбу қонли воқеа содир бўлганига 14 йил бўлди. Ҳозирги кунга қадар Ўш воқеалари бўйича бир неча бор маҳаллий ва халқаро текширувлар ўтказилган. Бироқ ҳамон қонли воқеанинг айрим ҳақиқатлари қоронғилик тубида беркиниб ётибди. Ушбу мақолада фожианинг айрим сиёсий деталларига тўхталиб ўтамиз.
Этник можаролар дошқозони
Фарғона водийси — Марказий Осиёдаги энг қайноқ нуқталардан бири. Бу ерда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон чегаралари туташган бўлиб, Қирғизистонда Тожикистоннинг иккита анклави (анклав — бир давлатнинг ҳамма томондан бошқа давлат ҳудуди билан ўраб олинган ҳудуди ёки ҳудудининг бир қисми — таҳр.), Ўзбекистоннинг эса тўртта анклави кирган бўлса, Ўзбекистон ҳудудида эса Тожикистон ва Қирғизистоннинг биттадан анклав ҳудудлари мавжуд.
Апрель инқилоби
Қирғизистон таркибидаги Ўш ва Жалолобод вилоятларида содир бўлган қонли воқеалар таг илдизлари, аслида, 2010 йилда мамлакатда содир бўлган инқилобга бориб тақалади. 6 апрель куни Бишкек шаҳрида намойишлар бошланди. Инқилоб юз беришидан олдин мамлакатда электр энергияси тарифларини икки баравар оширишган ва ҳар бир мобил алоқа учун 60 тийиндан ундиришга қарор қилинган. Бу ўз навбатида аҳолининг маълум норозиликларига сабаб бўлган.
Сиёсатшунослар Қирғизистонда юз берган ҳукумат тўнтариши ташқи кучлар таъсирида амалга оширилганини таъкидлайди. Масалан, кўплаб сиёсий таҳлилчилар Қирғизистонда юз берган инқилобни Россия амалга оширганини ва шу йўл билан ўз ҳарбий контингентини минтақага жойлаштиришни режа қилган, деган фикрни илгари суради. Боиси Ўзбекистон Андижон воқеаларидан кейин Ғарб билан муносабатлари совуқлашишга қарамасдан, расмий Тошкент Термиз шаҳридаги авиабазадан Германияга Афғонистондаги ҳарбий операциялардан фойдаланиш учун рухсат берганди. Яъни ўз вақтида Ғарб билан узилган алоқалар аста-секин тиклана бошлаган эди. Бунга исобот, мисол учун, Европа Иттифоқи 2009 йилда Ўзбекистонга нисбатан эълон қилган барча иқтисодий ва сиёсий санкцияларни бутунлай бекор қилган.
Апрель ойида юз берган инқилоб натижасида Қурбонбек Бакиев бошлиқ ҳукумат иқтидордан ағдарилди. Ҳокимиятдан ағдарилган Қирғизистон президенти Беларусдан сиёсий бошпана сўраб, мамлакатни тарк этади. Шундан сўнг тузилган муваққат ҳукуматга Роза Ўтунбоева бошчилик қилади.
Можаронинг бошланиши
2010 йилнинг апрель ойи бошидан Қирғизистон жанубида этник низо кучайиб бораётгани аломатлари кузатилган. Май ойида эса икки этник гуруҳ вакиллари, ўзбек ва қирғиз ўртасида бир неча бор тўқнашувлар содир бўлган. Бироқ расмийлар бунга етарли даражада эътибор қаратмади.
11 июнь куни, можаро бошланганидан бир кун ўтиб, биринчи ўлим ҳақида маълумот олган Ўзбекистон ҳукумати қочқинларни ўз ҳудудига киритиш учун Қирғизистон билан чегарасини вақтинча очишга мажбур бўлади. 14 июнь куни расмий Тошкент яна бир томонлама чегарани ёпди ва кейинроқ Ўзбекистон томон бир неча кун ичида Қирғизистондан 100 мингдан ортиқ этник ўзбекларни қабул қилгани, уларнинг аксарияти аёллар ва болалар бўлгани ҳақида хабар берди.
Ўзбекистон томонда ўзбеклар учун вақтинча чодирлар тузилиб, турар жой ташкил этилган. Айрим маълумотларга кўра, чегарани кесиб ўтиш вақтида юз берган тиқилинчда бир неча киши ҳалок бўлган.
12 июнь куни муваққат ҳукумат раҳбари Роза Отунбоева Ўш вилоятидаги вазият назоратдан чиқиб кетганини тан олиб, мамлакат ҳарбий ёрдамга жуда муҳтож эканини айтиб чиқди. Бу пайтга келиб можаро икки этник гуруҳ вакиллари истиқомат қилган Ўш вилоятининг деярли барча аҳоли пунктларига тарқалиб бўлган эди.
Можарода Ўзбекистоннинг тутган позицияси
Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида одамлар ҳарбий объектларга ҳужум қилиб, ўқотар қурол ва ўқ-дориларни тортиб ола бошлади. Маълумотларга кўра, тартибсизликлар пайтида ҳарбий қисмлардан 1000 дан ортиқ қурол олиб чиқиб кетилган. Намойиш иштирокчилари турар жой ва маъмурий бинолар билан бирга полиция биноларини ёқиб юборган. Шунингдек, улар нафақат тинч аҳоли (асосан ўзбеклар)ни, балки хавфсизлик кучлари вакилларини ҳам шафқатсизларча ўлдиргани қайд этилган.
Можарони уюштирган ташқи кучлар дарров бунга эътибор қаратиб, ўртада даллоллик қилишни бошлади. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида оғир вазият юзага келди. Чунки Қирғизистонда қариндош ва миллатдошлари қирғинга учраётганидан хабар топган кўплаб ўзбекистонликлар қизишиб, қўшни мамлакатга ўтиши аниқ эди. Бу эса икки мамлакат ўртасида алал-оқибат катта тўқнашувга олиб келиши мумкин эди.
Рўза Отунбоева интервьюларининг бирида 2010 йилда юз берган қонли воқеаларни хотирлаб, Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг бу вазиятда тутган сиёсатини тилга олиб, шундай деган эди:
“Мен Ислом Каримов билан турли саммитларда кўп учрашганман. Айниқса, 2005—2010 йилларда Қирғизистон ва Ўзбекистон учун оғир ва хавфли вақтларда тез-тез учрашиб турдик. Президент Каримовнинг қарорлари биз учун жуда муҳим, ҳатто ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди. 2010 йил 11 июнь куни Ислом Каримов билан гаплашдим, у чегарани ёпаман, ҳеч кимни киритмайман, деди. Чунки Ўзбекистонда қариндошларига ёрдам беришни истаган ватанпарварлар кўп эди. Агар улар Қирғизистонга боришса, биз аллақачон Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги уруш ҳақида гапирган бўлардик. Ислом Каримов буни ҳис қилди ва тўғри қарор қабул қилди. Сабаби уларнинг орасида бандитлар, назоратсиз гуруҳлар бўлиши мумкин эди. Лекин у бундай можаронинг олдини олишга муваффақ бўлди. Ислом Каримов Қирғизистоннинг ўша вазиятдан чиқиши учун шароит яратиб берди десам, адашмайман”.
Коллектив хавфсизлик шартномаси (КХШТ) кучлари Қирғизистондаги тартибсизликни тўхтатиш учун фавқулодда киритилди. Ўша вақтда Россия бошлиқ бу ташкилотга Қирғизистон ҳам, Ўзбекистон ҳам аъзо эди. 2012 йилда Ўзбекистон КХШТ ҳарбий ташкилотида фаолиятини тўхтатди ва ташкилот аъзолигидан чиқди.
Ўш воқеалари устида олиб борилган терговлар
Можаро фақат бир ҳафта ўтгач барҳам топди. 16 июнь Қирғизистонда мотам куни деб эълон қилинди. 22 июнь куни Ўзбекистон ҳукумати қочиб ўтган ўзбекларни Қирғизистонга қайтаришни бошлади. Кейинчалик БМТ жами 400 мингга яқин одам можаро туфайли уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлганини, уларнинг кўпчилиги кейинроқ ўз ватанига қайтиб келганини маълум қилди.
Шу вақтга қадар июнь воқеалари юзасидан бир қанча халқаро гуруҳлар тузилган. Қирғизистон расмийлари фақатгина Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳисоботига жавоб берди. Гуруҳ экспертлари Ўшдаги тартибсизликлар чоғида геноцид ёки ҳарбий жиноятлар содир этилганига оид тўғридан тўғри далилларни топа олмаган, аммо улар инсониятга қарши жиноятлар аломатларига ишора қилган. Бироқ Қирғизистон парламенти бу ҳисоботни бирёқлама ва Қирғизистонга қарши ҳисобот деб тан олди. Шундан кейин Қирғизистон ЕХҲТ раҳбари Киммо Килюненни мамлакатда персона нон грата (номатлуб шахс — Wikipedia) деб эълон қилинди.
Расмий маълумотларга кўра, Ўш ва унинг атрофидаги тартибсизликлар чоғида 470 киши ҳалок бўлган. Қирғизистон экспертларидан иборат миллий комиссия миллатлараро можаронинг қўзғатувчиси ва фаол иштирокчилари сифатида ўта миллатчилар, уюшган жиноий гуруҳлар аъзолари, собиқ президент Қурманбек Бакиев тарафдорлари ва ташқи кучларни кўрсатди. Ўш воқеалари натижасида ўта оғир жиноятлар бўйича беш ярим мингга яқин жиноят иши қўзғатилган бўлса-да, уларнинг ярмидан кўпи шу кунгача очилмаган…
Муаллифдан: мақоладан мақсад — бугунги кунда мустаҳкам алоқаларни ўрнатишда бардавом бўлаётган, қардош давлатлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида битиб кетган оғриқли ярани тирнаш эмас, балки бу қардош халқлар орасига низо солиб, уларни айри қилмоқчи бўлган баъзи ташқи кучларни эслатишдан иборат. Ҳушёрлик ҳеч қачон зарар қилмайди. Зеро бугун ҳам Марказий Осиё мамлакатларининг бирлашувидан кўра, уларнинг айро бўлишидан манфаатдор ташқи кучлар мавжудлигича қолмоқда.
Сардор Али
Изоҳ (0)