Австралия шарқида 8 июнь куни сув тўғони тошиши оқибатида Сидней шаҳрининг қатор ҳудудларини сув босди. Бу ҳақда Австралия маҳаллий нашрлари тарқатган маълумотга асосланиб, Anadolu хабар берди.
Маҳаллий амалдорлар аҳолига вазият вақт ўтгани сари ўзгариши мумкинлигини маълум қилган. Эвакуацияга тайёргарлик кўриш тавсия қилинган.
Манбада айтилишича, Сидней жануби-ғарбидаги Варрагамба сув тўғонида кучли ёмғир оқибатида сув тошган. Оқибатда шаҳарнинг қуйи ҳудудлари сув остида қолган.
Маҳаллий SBS News телеканалига кўра, сўнгги 24 соат ичида фавқулодда вазиятлар органлари Сиднейда 13 та қутқарув ишларини амалга оширган. Фуқаролардан 297 та фавқулодда мурожаат қабул қилинган.
Сидней маъмурияти шаҳар шимоли-ғарбидаги аҳоли ҳудудларига огоҳлантириш йўллаган. Исталган пайтда эвакуация учун тайёр туришни сўраган.
Варрагамба тўғонидан сув оқими нисбатан секинлашган бўлса-да, тошқин хавфи сақланиб қолмоқда. Ёмғирлар тўхтаган бўлса-да, дарёлар сатҳи секин суръатда пастламоқда.
“Фуқаролар эвакуация қилинмаган тақдирда, биз улардан узоқ муддатли изоляцияга тайёр бўлишларини сўраймиз”, — деган ҳокимият расмийси Дебби Платс.
Экологлар сув ҳажми кўтарилган Хоксбери дарёси сатҳини кузатаётгани айтилган. Сиднейнинг шимоли-ғарбий қисмида, тахминан 5 миллион аҳоли яшайдиган ҳудудда катта сув тошқини содир бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш берилган.
Изоҳ (0)