Навоий вилояти Зарафшон туманида аёл уч эгизак дунёга келтирди. Бу ҳақда ССВ хабар берди.
Маълум қилинишича, 3 июнь куни Зарафшон шаҳрида яшовчи 34 ёшли аёл 3 нафар эгизак дунёга келтирган. Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Навоий вилоят филиалида гўдакларнинг соғлом туғилиши учун барча зарур шарт-шароит ҳозирланди. Кесарча усулда, асоратсиз туғуруқ амалиёти натижасида 2 кило 555 грамм, 2 кило 115 грамм ва 2 кило 55 граммлик 3 нафар: бир нафар қиз ва икки нафар ўғил чақалоқ дунёга келди.
Ҳозирда гўдакларнинг аҳволи яхши. Уларнинг парвариши ҳамда она сути билан озиқланиши неонатолог-шифокор ва ҳамширалар назорати остида.
Бу жорий йил Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Навоий вилоят филиалида уч нафар эгизаклар туғилиши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир.
Изоҳ (0)