Сурхондарё вилоятида 2024 йил 1 январнинг илк дақиқаларида уч эгизак дунёга келди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят 1-сонли перинатал марказида янги йил бошланишининг илк дақиқаларида туғилган уч эгизаклар ва уларнинг онасига вилоят ҳокимининг совғалари ҳамда байрам табриклари етказилган.
“Ҳозирда она ва болаларнинг соғлиғи нормал ҳолатда бўлиб, улар шифокорларнинг доимий назоратида”, — дейилади хабарда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 2024 йил 1 январь соат 17:00 ҳолатига кўра, мамлакатда жами 1043 нафар чақалоқ дунёга келган. Энг кўп туғилиш Фарғона вилоятида (160 нафар) қайд этилган.
Статистика агентлигига кўра, Тошкент шаҳрида 2023 йилнинг январь—июль ойларида ФҲДЁ органлари томонидан 45 473 та тирик туғилиш ҳолатлари қайд этилган. Ўзбекистонда 2023 йилнинг январь ойида 76 199 нафар тирик туғилиш ҳолатлари ФҲДЁ органларида қайд этилган. Улардан 1 816 нафари эгизак чақалоқлар ҳисобланади. Январь—июнь ойларида эса 434 519 та туғилиш қайд этилган. 2022 йилда эса Ўзбекистонда биринчи фарзандини дунёга келтирган оналар сони 280 432 нафарни ташкил этганди.
Изоҳ (0)