Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Франциянинг Montagne et Neige Développement (MND) компанияси ҳудудий директори Орхан Ширинни ҳамда компаниянинг маҳаллий ҳамкорларини қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашувда Фарғона вилояти ҳудудида арқон йўл ва осма кўприкларни ўз ичига олган оммавий туризм маскани барпо этиш лойиҳаси муҳокама қилинган.
Montagne et Neige Développement (MND) компанияси Фарғона вилоятида ҳам оммавий туризм маскани ташкил этишни режалаштираётганини маълум қилган Орхан Ширин, арқон йўл ва осма кўприкнинг барпо этилиши ўз-ўзидан ушбу ҳудудга бошқа инвесторларни ҳам кенг жалб этиши ҳамда бошқа туристик хизматларнинг шаклланишига олиб келишини қайд этган.
Вилоят ҳокимининг таклифи билан ушбу туристик масканни Шоҳимардон қишлоғида ташкил этиш устида иш бошлашга келишиб олинган.
Дастлабки босқичда бош-режа ишлаб чиқилади. Сўнгги тасдиқланган бош режа асосида лойиҳани амалга ошириш учун Европа банкларининг имтиёзли кредит маблағларини жалб этиш бўйича музокаралар ўтказилади.
Изоҳ (0)