Хитой Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Ву Цян Хитой ва Тайваннинг бирлашишини “тўхтатиб бўлмайди” деди.
У Тайван маъмурияти раҳбари Лай Цинденинг лавозимга киришишини шундай изоҳлади. Унинг фикрича, оролнинг мустақиллиги урушга тенг бўларди.
“Ватаннинг бирлашиши тарихий тенденция бўлиб, уни тўхтатиб бўлмайди. Тайваннинг мустақиллиги урушга, бўлиниш эса тинчликнинг йўқолишига тенг бўлади”, — деди Ву Цян брифингда.
Хитой халқ озодлик армияси ўтган ҳафта Тайван атрофидаги денгиз ва ҳаво ҳудудида, оролни ўраб олган ҳолда “Қўшма қилич 2024А” ҳарбий машғулотларини ўтказди.
ХХР буни “Тайван мустақиллик тарафдори кучларнинг сепаратистик ҳаракатларига жавоб ва ташқи кучлар аралашуви ва провокацияларидан қаттиқ огоҳлантириш” деб атади. Машқлар оролнинг янги ижрочи раҳбарининг инаугурациясидан сўнг бўлиб ўтди.
Инаугурация пайтида Лай Цинден Хитой ҳукуматини “Тайванга нисбатан сиёсий ва ҳарбий қўрқитишни тўхтатишга” чақирди ва орол мустақилликка эришишига ваъда берди.
Изоҳ (0)