Қирғизистон президенти Садир Жапаров вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазони кучайтирувчи қонунни имзолади. Эндиликда 60 ёшдан ошган фуқаролар ҳам бундай жиноятлар учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига киритилган ўзгартиришлар жиноят содир этган пайтда 60 ёшга тўлган эркакларни умрбод озодликдан маҳрум этишни назарда тутади. Гап “боланинг жинсий дахлсизлиги ва жинсий эркинлигига қарши” жиноят содир этганлар ҳақида кетмоқда.
Илгари Қирғизистон Жиноят кодексида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси қуйидагиларга тайинланмаганди:
- аёллар;
- 18 ёшга тўлмаган жиноят содир этган шахслар;
- жиноят содир этган пайтда 60 ёшда бўлган эркаклар.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексига боланинг жинсий дахлсизлиги ва жинсий эркинлигига қарши жиноятлар бўйича суд томонидан жазо тайинланмасдан айблов ҳукми чиқариш имкониятини истисно қилувчи ўзгартиришлар киритилган.
Ўзгартиришлар парламент томонидан 11 апрель куни қабул қилинган. Қирғизистонда умрбод қамоқ жазоси энг максимал жазо тури ҳисобланади.
Изоҳ (0)