Самарқанд туманида қалбаки акциз маркали алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдосига чек қўйилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Самарқанд туманидаги “Паррандачилик” МФЙ ҳудудидаги “О.” МЧЖга қарашли савдо дўконда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда корхона раҳбари Р.Н. ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган умумий баҳоси 197,5 миллион сўмлик 68 турдаги жами 6 545 дона алкоголь маҳсулоти ҳамда 18 турдаги жами 2 390 қути тамаки маҳсулотини сотувга қўйганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодекснинг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилоятида қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)