Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятидаги 22-мактабнинг 8-синф ўқувчиси ўғил фарзандли бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолатни ўрганиб, ўз кузатувига олди.
Аниқланишича, Самарқанд вилоятидаги мактабнинг 8-синф ўқувчиси, вояга етмаган (2009 йилда туғилган) П.З. 2023 йил август ойида ўзига аввалдан таниш бўлган, 2006 йилда туғилган Ш.Э. билан яқин муносабатда бўлган. 2024 йил 6 май куни шифохонада П.З. чақалоқ дунёга келтирган.
Мазкур ҳолат юзасидан (вояга етмаган қизнинг ёшидан келиб чиқиб, ариза билан мурожаат қилинмаган бўлса-да) туман ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми (16 олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани бундай тоифадаги жиноят иши доирасида вояга етмаган жабрланувчи шахсига оид бўлган бошқа маълумотларни ошкор қилиш ва тарқатиш қонунан тақиқлангани ҳамда бола манфаатларига зид эканлигини эслатиб ўтди.
Изоҳ (0)