Латвия ҳукумати мамлакатда рус тилидан фойдаланишни чеклашга қаратилган қарор тайёрламоқда. Хусусан, рус тили иккинчи чет тили сифатида мактабларда ўқитилмайди. Бу ҳақда Delfi хабар берди.
Рус тилини иккинчи чет тили сифатида ўрганишни тақиқловчи қарор 23 апрелда қабул қилинади. 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар Европа Иттифоқи ёки Европа иқтисодий ҳудудига аъзо давлатларнинг расмий тилларидан бирини иккинчи чет тили сифатида танлайди. Латвия таълим вазирлиги тақиқни жамоатчилик муҳокамасига қўйганида 300 дан ортиқ эътирозлар келиб тушган.
Норозиликнинг асосий сабаблари: болалар “она тилини ўрганиш билан чекланиб қолмаслиги керак”, шунингдек, “қайси тилни ўрганишни ўзи ҳал қилиши лозим”.
Бундан ташқари, ташаббус танқидчилари “рус тилидан воз кечиш сиёсий сабабларга кўра қабул қилиниши мумкин эмас” деб баҳолайди.
Латвиядаги мактабларда биринчи чет тили биринчи синфдан бошлаб ўқитилади. Иккинчи чет тили эса бошланғич синф тугашидан бошлаб дарс жадвалидан ўрин олади. Дарҳақиқат, Латвияда рус тили кўпинча иккинчи чет тили сифатида танланган, чунки мактабларда бошқа тилли ўқитувчилар етарли эмас.
Изоҳ (0)