Фармацевтика корхоналари томонидан 2024 йилнинг 1-чорагида 1 трлн 157 млрд сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Тўлаганова маълум қилди.
Маълум қилинишича, ҳисобот даврида 37 млн долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди. Инвестиция дастурига киритилган 17 та лойиҳа доирасида 25 млн доллар инвестиция маблағлари ўзлаштирилган.
Умумий қиймати 6,5 млн долларлик 2 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 250 нафар янги иш ўрни яратилган.
Ўзбекистонда янги инвестиция лойиҳа таклифларини ишлаб чиқиш мақсадида 1-чорак давомида Хитой, Россия, Тожикистон, Эрон ва Туркияга хизмат сафарлари ташкил этилиб, жами 59 та компания билан музокаралар ўтказилган.
Музокаралар натижасида Хитой билан тиббий буюм ва жиҳозлар ҳамда тиббий ускуналарини ишлаб чиқарувчи хорижий компаниялар иштирокида 41 млн долларлик лойиҳалар Ўзбекистонда амалга оширилишига келишилган.
Изоҳ (0)