Россиянинг Бошқирдистон Республикаси суди 9 апрель марҳум мухолифат фаоли Алексей Навальнийнинг маслакдоши Лилия Чанишевани тўққиз ярим йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда The Moscow Times нашри хабар берди.
Хабарда айтилишича, Чанишевага экстремизмга алоқадорлик айблови қўйилган. Суд узил-кесил тўққиз ярим йиллик жазо тайинлаган.
42 ёшли Лилия Чанишева дастлаб 2021 йилнинг ноябрида ҳибсга олинган эди. Чанишеванинг кўплаб ҳамкорлари бугунга қадар аллақачон Россияни тарк этган.
Манбага кўра, Чанишева Навальнийнинг Бошқирдистон пойтахти Уфадаги сиёсий идорасини 2021 йилга қадар бошқарган. Кейин идора тарқатиб юборилган. Ўшанда ҳукумат Навальнийнинг фаоллар тармоғини экстремистик рўйхатга киритган эди.
Айбланувчига нисбатан илк суд 2023 йилнинг июнь ойида Уфада бўлиб ўтган. Унда суд ҳайъати Чанишевага етти ярим йиллик қамоқ жазоси тайинлаган эди. Кейинроқ эса Чанишева ва унинг иттифоқчиларига нисбатан қўзғатилган жиноий иш сиёсий сабабларга кўра бекор қилинади.
2024 йилнинг бошида ушбу масала яна кўтарилди. Март ойида апелляция суди ишни Бошқирдистон республикаси Олий судига юборган. 9 апрель куни эса Бошқирдистон Олий суди якуний қарор чиқарган.
Изоҳ (0)