Жиззах вилояти Арнасой туманида Халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдан ташқари эллик учунчи сессияси ўтказилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Сессияда вилоят ҳокими Эргаш Солиев, туман депутатлари, туман ҳокими ёрдамчилари, бошқарма ва ташкилот раҳбарлари, оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этган.
Сессияда кўрилган ташкилий масалада вилоят ҳокими Арнасой тумани ҳокими лавозимига Одил Мусанов номзодини тавсия қилган.
Депутатлар номзодни бир овоздан маъқуллаган. Янги лавозимга тайинлангунга қадар Одил Мусанов Жиззах вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчиси бўлиб фаолият олиб бораётган эди.
2020 йилдан буён туманга Хуршид Алимардонов ҳокимлик қилиб келаётганди. Ундан олдин эса Жамолиддин Бердибоев Арнасой туманга 2018 йилнинг апрель ойидан раҳбарлик қилган.
Изоҳ (0)