Туркия махсус хизматлари махсус операция ўтказиб, ИШИД ташкилотига алоқадорликда гумон қилинган 48 нафар шахсни ҳибсга олди. Бу ҳақда Anadolu нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, ҳибсга олинганлар Санта-Мария черковига уюштирилган ҳужумга алоқадорликда ҳам айбланмоқда. Бу ҳақда расман Ички ишлар вазирлиги баёнот берган.
Расмийлар бутун мамлакат бўйлаб аксилтеррор операциялар давом этаётганини маълум қилган. Ҳибсга олишлар сони ортиши мумкинлиги айтилган.
“ИШИД террорчилик ташкилотига қарши олиб борилган операцияларда 28 январь куни Истанбулдаги Санта-Мария черковига уюштирилган ҳужумга алоқадор бўлган 48 нафар гумондор қўлга олинди”, — деб хабар берган Туркия ички ишлар вазири Али Ерликая.
Хабарда айтилишича, ҳали далиллар топилмаганига қарамай, Туркия расмийлар черковда содир этилган терактни ИШИД фаолияти билан боғламоқда. “Боздогон-21” операцияси уларнинг алоқаларини тўла фош этиш учун Истанбул ва Анқара полиция бўлимлари томонидан Хавфсизлик разведка бошқармаси ва терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Маҳбусларнинг 30 нафари Истанбулда ушланган. Яна 18 нафари эса Анқарадаги тезкор тадбирларда ҳибсга олинган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 28 январь куни Истанбулнинг Сариер туманидаги Санта-Мария черковига уюштирилган қуролли ҳужумни ИШИД террорчи гуруҳи ўз зиммасига олган эди. Ҳужум натижасида 52 ёшли Тунжер Жиҳан ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)