2024 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамиятининг қурултойи бўлиб ўтади. “Дарё” мухбири Жамият раиси Эргаш Норпўлатов билан мазкур анжуманга тайёргарлик ва бугунги кунда кўзи ожиз инсонларни қийнаётган муаммолар ҳақида суҳбатлашди.
- Бугунги кунда энг долзарб масалалардан бири кўзи ожиз инсонларни иш билан таъминлаш. Жамият тасарруфида нечта корхона фаолият юритмоқда, уларда яратилган иш ўринлари ва маошлар ҳақида маълумот берсангиз.
- Тизимда бугунги кунда 97 та корхона бўлиб, уларда 1260 нафар ишчи-ходимлар ҳамда 771 нафар кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлиги таъминланган. Ўртача иш ҳақи 950 000 сўмдан 1 050 000 сўмгача. Иқтисодий бақувват корхоналаримизда эса ногиронларнинг иш ҳақи 3 000 000-3 500 000 сўм атрофида. Лекин бугунги кунда амалга ошираётган ишларимиз бизни умуман қониқтирмайди. Сабаби 771 нафар ногирон ишлаяпти деган бўлсак, буларнинг сонини камида 5-6 баробар ошириш имкониятига эгамиз.
Минг афсуски, айрим муаммолар бизга тўсиқ бўлмоқда. Биринчидан, ўтган асрнинг 50-60 йилларида қуриб фойдаланишга топширилган корхоналаримизнинг бино-иншоотлари ниҳоятда эскириб қолган, аксарияти янгидан қуришга, баъзилари капитал таъмирга муҳтож.
Иккинчидан, ўтган асрдан қолиб келаётган технологиялар билан ишлаб келмоқдамиз. Биласизки, бу технологиялар электр қувватини кўп сарфлаши ва замондан орқада қолганлиги билан меҳнатда самарадорликка эришишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Борди-ю, биз замонавий автоматик дастгоҳларни олиб келиб ўрнатадиган бўлсак, кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар бандлиги янада камайиб кетиши мумкин.
Яъни аъзоларимизнинг бандлигини ўйлайдиган бўлсак, корхоналарни тўлиқ автоматлаштира олмаймиз. Агар иқтисодий ўсишни ўйлайдиган бўлсак, автоматлаштиришга мажбурмиз... Биз вазиятдан келиб чиқиб, икки томонлама мақбул ечимни топишга ҳаракат қиляпмиз.
- Корхоналарда 60 турдан зиёд маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётган экан, булар тикув-тўқув, мебел, матбаа маҳсулотлари, турли хил маиший воситалар. Мана шу корхоналар ўзини оқлаяптими, маҳсулотлардан тушаётган фойда ишчиларини ойлик билан таъминлашга етяптими ёки давлатдан қўшимча ёрдам олинадими?
- Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш эвазига ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишни йўлга қўйган тадбиркорлик субъектлари бошқалар сингари фойда тополмайди. Буларнинг иқтисодий фойдасидан кўра, жамиятга ижтимоий фойдаси муҳим ҳисобланади. Йиллар давомида ҳуқуқий асос бўлмаганлиги сабабли ушбу корхоналар ўз ишлаб чиқарган маҳсулотларини сотишда қийналиб келган. Иттифоқ даврида бу масала ўша замоннинг зайлига кўра ҳал этилиб келинган, лекин тизим ва тузумнинг ўзгариши, иқтисодий муносабатларнинг ўзгариши оқибатида мазкур корхоналар ҳатто банкротлик даражасига келиб қолган.
2016 йилдан кейин корхоналаримизга солиқ имтиёзлари берилди ва давлат харидлари жараёнида тўғридан-тўғри шартномалар асосида маҳсулотларимизни буюртмачиларга етказиб бериш масаласи ҳал этилди. Лекин шундай бўлса ҳам бу жараёндаги ортиқча тўсиқлар корхоналаримизнинг самарали ишлашига халақит бермоқда.
- Қандай тўсиқлар, бюрократия борми?
- Президент қарорида биз учун тўғридан-тўғри шартномалар асосида ишлаш тартиби белгилаб қўйилган бўлса-да, дахлдор вазирликлар томонидан бир қатор тўсиқ ва ғовлар учрамоқда. Мисол учун, хулосалар сўраш, ҳар йили қайта-қайта сертификатлаштириш. Ваҳоланки, сертификат олиш ҳам харажатларни талаб этади. Тўсиқ бўлаётган масалалардан яна бири буюртмачи бўлган Давлат ташкилотларини текшириш жараёнида “нега тўғридан-тўғри шартнома асосида улардан маҳсулот олдиларинг?” дея эътироз билдирилмоқда.
Мен шу фурсатдан фойдаланиб айтмоқчи эдимки, кўриш бўйича ногирон бўлиб яшашнинг ўзи ҳаётда қаҳрамонлик. Кўзингизни юмиб, олдинга бир-икки қадам ташлаб кўринг. Янаям тасаввур эта олмасангиз, 6-7 қадам юриб кўринг. Шундагина кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш тарзини, ҳаётини тасаввур қилган бўлардингиз. Улар мана шу шароитда уйидан чиқиб, жамиятга қўшиляпти, қайсидир меҳнат жамоаларига бориб меҳнат қилиб, ҳалол маблағлари эвазига оиласини тебратяпти, шунинг ўзи қаҳрамонлик эмасми?
Шундай пайтда юртдошларимиздан, замондошларимиздан жилла қурса битта далданинг ўзи биз учун катта мукофот. Энди мана шундай ҳуқуқий асослар яратилган бир даврда тазйиқлар ўтказилиши бизнинг фаолиятимизга кучли салбий таъсир кўрсатади. Давлат буюртмачилари-ку бошқа корхоналар билан ишлаб кетаверади. Лекин бу қанчадан-қанча ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишсиз қолишига сабаб бўлади.
Битта мисол айтаман. Машҳур ёзувчимиз Ғафур Ғулом қизлари Олмосхон опа билан бозорга чиққанларида бир чеккада эски қора қозонини сотиб ўтирган кекса аёлга кўзи тушибди. У билан савдолашиб, қозонни сотиб олибди. Қизлари “Дада, нега бу қозонни олдингиз, бизга керак эмас-ку”, деб сўраганда, “Э болам, пулга эҳтиёжи борлиги кўриниб турибди, агар мен олмасам, сота олмас эди. Мен пулни шунчаки бериб кетсам, кўнглига ҳар хил гап келиши мумкин эди” деган экан.
- Демак, Кўзи ожизлар жамиятининг 97 та корхонаси бор. Буларнинг қанчаси Жамиятнинг ўз тасарруфида?
- Юқорида айтиб ўтганимиздек, корхоналарнинг аксарияти ўтган асрнинг иккинчи ярмида ташкил бўлган, уларнинг жиҳозлари ўша пайтда шаклланган бўлиб, бугунги кунда бино-иншоотлардаги кадастр ҳужжатларида тушунмовчиликлар, ноаниқликлар юзага келмоқда. Дейлик, Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги Маданият саройимизни капитал таъмирлаш бўйича давлат идораларига мурожаат қилганмиз.
Афсуски, анча маблағ тақозо этиши сабабли давлат томонидан пул ажратилиши қийин кечди. Бу ерда маҳаллий инвесторлар ёрдамида замонавий бино барпо этиш режамиз ҳам 3 йилдан бери кечикиб келмоқда. Сабаби кадастр ҳужжатларидаги ноаниқликлар.
- Идора-ташкилотларда имконияти чекланган инсонлар учун квота ажратиш тўғрисидаги талаблар қанчалик бажарилмоқда?
- “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида ҳам бундай квота ўринларини тақдим қилиш назарда тутилган. Лекин минг афсуски, бу бандлар тўлиқ ишлаяпти деб бўлмайди. Сабаби ногиронлиги бўлган шахсларга бўлган эътиборсизлик. Яъни булар учун ажратилган ўринларга бошқа соғлом инсонларни ишга олиш ҳолатлари кўпроқ учраяпти. Нима учун бундай тўсиқлар бор десангиз, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан жамоатчиликда нотўғри тасаввурларнинг шакллангани. “Ногиронлиги бўлган шахс ортиқча муаммо туғдиради, иши унумли бўлмайди” деган тасаввурлар. Ваҳоланки, агар улар ишга қабул қилинса, ҳатто бошқалардан кўра кўпроқ фойда келтиришини аниқ айта оламан.
- Бу йилги қурултойида хориж мамлакатларидан делегациялар иштирок этади. Бундай делегациялар олдинги қурултойда ҳам қатнашган экан. Чет элликлар юртимизда имконияти чекланган инсонлар учун яратилган шароитлар ҳақида қандай фикрда? Биз улардан нималарни ўрганишимиз мумкин?
- Ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик деганда фақат пандус ҳақида гапирилади. Ваҳоланки, кўзи ожизлар учун тактил йўлаклар масаласи муҳим бўлиб турибди. Бу пандусдан кам бўлмаган муаммо. Тактил йўлак – махсус бўртма нуқтали плиткалардан ётқизилган йўлак бўлиб, кўзи ожиз инсон шундан мўлжал олган ҳолда, ўз манзилига бориб-келиши мумкин. Дейлик, аэропорт, темир йўл вокзали, бозорлар, кафеларга олиб борувчи шундай йўлаклар ниҳоятда муҳим.
Ҳозир бундай йўлаклар ҳатто жамиятимиз жойлашган бино олдида ҳам йўқ. Фақат Tashkent City’да бор. Ривожланган давлатларда аллақачон шундай қулайлик яратилган. Муаммо шундаки, бундай плиткалар ўзимизда ишлаб чиқарилмайди. Агар молиялаштириш йўлга қўйилса, ўз корхоналаримизда ишлаб чиқаришимиз ҳам мумкин. Яна бир таклифимиз – овозли светофорларни кўпайтириш керак. Ҳозир Тошкентда фақат бир нечта шундай светофорлар ўрнатилган.
Уларни имкон қадар барча чорраҳаларда жойлаштириш лозим. Шунда кўзи ожизлар ҳам бировнинг ёрдамига муҳтож бўлмай, бемалол манзилига етиб олади, тўлақонли меҳнат қилиб, жамият ривожига ҳисса қўшади.
Олимжон Сафоев суҳбатлашди
Изоҳ (0)