Франция Хитойни Украинадаги урушни тугатиш учун Россияга таъсиридан фойдаланишга чақирмоқда, дея Euronews хабар берди.
Маълум бўлишича, мазкур хабар Франция ташқи ишлар вазири Стефан Сежурненинг Пекинга ташрифи чоғида янграган. Дипломат хитойлик ҳамкасби Ван Йи билан музокаралар олиб бормоқда.
Euronews’га кўра, Париж Пекинга Россия—Украина урушидан кейин Москва билан чуқурлашган муносабатлари юзасидан босим ўтказмоқда.
Гап нафақат стратегия, балки Украинада тинчликни қандай таъминлаш ва эҳтимол, рус қўшинларини олиб чиқиб кетиш ҳақида ҳам кетмоқда. Шунинг учун биз Россияга жуда аниқ сигнал юборишимиз керак. Биз Хитой каби катта давлат ҳам Россияга аниқ сигналлар юборишига умид қиламиз, — дейди франциялик дипломат.
Учрашув кун тартибида савдога оид масалалар ҳам мавжуд. Франция Европа бозорига кириб келаётган Хитойнинг арзон электромобиллари маҳаллий автосаноатга зарба бериши ва иш ўринларининг йўқолишига олиб келишидан хавотирда.
Сежурне Пекинга Хитой етакчиси Си Цзиньпиннинг Францияга шу баҳорда режалаштирилган учрашуви олдидан ташриф буюрмоқда.
Изоҳ (0)