Москвада Crocus City Hall’даги терактдан кейин ҳибсга олинган чеченистонлик Асхаб Успанов вафот этди. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Маълум қилинишича, Асхаб Успанов терактдан кейинги кечада, бир неча соатдан кейин полиция бўлимида ўлган. Маълумотни унинг онаси Таиса Успанова тасдиқлаган. Успановнинг ўлими ҳақида уч кун аввал Чеченистоннинг мухолифатдаги 1АDАТ Telegram канали ҳам хабар берганди.
Таиса Успанованинг сўзларига кўра, унинг ўғли турмуш ўртоғининг ишхонасига кетаётганида қўлга олинган. Аёл бу қаерда содир бўлганига аниқлик киритмади. Ҳибсга олинганидан сўнг Успанов хотинига қўнғироқ қилган: аёл унинг олдига келмоқчи бўлган, лекин у келмасликни сўраган.
Эркак полициянинг унга қарши “ҳеч қандай айблови йўқлигини айтган, лекин кейинроқ рафиқасига қайтиб қўнғироқ қилиб, “хавфсизлик кучларига қўполлик қилганини” айтган ва ундан полиция бўлимига келишни сўраган.
Успановнинг рафиқаси, онаси айтганидек, икки соатдан кейин полицияга келган. У ерда аёлга “эри энди йўқлигини айтишган. Марҳумнинг онаси ўғли Чеченистонда дафн этилганини айтмоқда, бироқ жасад унга қандай ва қачон берилгани, унда қийноқ излари бор-йўқлиги ва ўлим сабаби ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Таиса Успанова ўғли терактга алоқадор бўлиши мумкин эмаслигини таъкидламоқда.
“Агенство” Успановнинг қурилиш соҳасида якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганини аниқлади. “SPARK” маълумотлар базасида унинг якка тартибдаги тадбиркорлиги 22 март куни вафот этгани сабабли тугатилгани келтирилган.
1АDАТ: Успанов қийноққа солинган
1АDАТ Telegram каналига кўра, Успанов ишдан кейин уйига қайтаётганида автобус бекатида ниқобли одамлар томонидан ҳужумга учраган. Гумондор улар хавфсизлик кучлари эканини тушунмай, “қаршилик қилган”.
Telegram каналининг таъкидлашича, сўроқ пайтида хавфсизлик кучлари эркакнинг қовурғалари ва умуртқа поғонасини синдирган, шунингдек, бўғилиш излари ва танада кенг тарқалган кўкаришлар бўлган.
1АДАТ шунингдек, Успановнинг жасади оутопсиядан кейин тасвирланган видеони ҳам эълон қилди. Видео ортидаги овозли хабарга кўра, хавфсизлик кучлари “жиноятини яшириш” учун Успанов ўзини осиш орқали жонига қасд қилган сценарийни уюштиришган. Успановнинг онаси “Агенство”га ўғли мусулмон бўлгани учун ўз жонига қасд қила олмаслигини айтган.
Crocus’даги теракт
Москва вилоятидаги Crocus City Hall’даги теракт 22 март куни кечқурун содир бўлди. Бир неча қуролланган киши концерт зали биносига бостириб кириб, оломонни отиб ташлаган, кейин эса бинони ёқиб юборган. Теракт оқибатида 143 киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳатланган. Ҳужумни содир этишда Тожикистоннинг тўрт нафар фуқароси айбланган, суд улар айбига иқрор бўлганини маълум қилган.
Мазкур ҳолатдан кейин Россияда мигрантларга нисбатан муносабат ўзгарган. Тожикистон президенти ҳужумни “шармандали ва даҳшатли воқеа” деб атаган ҳамда ота-оналарни фарзандлари тарбиясига жиддийроқ эътибор қаратишга чақирган.
Ўз навбатида, Россия терговчилари теракт иштирокчиларининг оиласини сўроқ қилиш учун Тожикистонга борган. Шундан кейин Ваҳдат шаҳрида яшовчи тўққиз нафар тожикистонлик Crocus’даги теракт ижрочилари билан алоқаси борликда айбланиб, қўлга олинган. Ҳибсга олинганлар ИШИД билан алоқада бўлганликда ҳам гумон қилинмоқда.
Доғистонда ҳам аксилтеррор операция ўтказилиб, тўрт нафар Тожикистон фуқароси ушланган. Улар терактнинг асосий иштирокчиларини қурол ва пул билан таъминлагани айтилмоқда. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украина ҳукуматини расман Crocus City Hall’даги терактда айблаган. Украина расман мазкур айбловларни рад этган. Ўз навбатида, ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими “Вилояти Хуросон” ушбу ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олишини бир неча бор таъкидлаган.
Изоҳ (0)