Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Ойбек Шахавдинов Венгрия президенти Тамаш Шуйокка ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” агентлиги хабар берди.
Тантанали тадбир Будапештдаги Авлиё Георгий майдонидаги Шандор Палота президент саройида бўлиб ўтди. Меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Шундан сўнг, президент қароргоҳидаги Меҳмонлар китобига дастхат ёзиш ва пойтахтнинг Қаҳрамонлар майдонига гулчамбар қўйиш маросими ўтказилди.
Маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқот чоғида Венгрия президенти Будапешт Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатда амалга оширилаётган жадал ўзгаришлар ҳамда кенг кўламли ислоҳотларни олқишлашини ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.
Учрашув якунида президент Тамаш Шуйок Ўзбекистон элчисини янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштириш бўйича фаолиятига муваффақиятлар тилади.
Ойбек Шахавдинов 7 март куни Венгрияга ташриф буюрди ва у Ўзбекистоннинг қароргоҳи Будапешт шаҳрида жойлашган биринчи элчиси бўлди.
Дипломат Бирмингем университети (Буюк Британия), Тошкент давлат юридик университети (магистратура), Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг (МДХМИ) таржимонлар тайёрлаш курсини тамомлаган. 2001 йилдан буён ТИВ тизимида. Меҳнат фаолияти давомида ТИВ марказий аппаратида, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ҳамда мамлакатимизнинг Брюсселдаги элчихонасида ишлаган. Ушбу лавозимга тайинланишидан олдин ТИВнинг Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Изоҳ (0)