Ўзбекистон жамоаси 9—10 март кунлари Остона шаҳрида ўтказилган 8—11-синф ўқувчилари учун “Заковат” ўйини бўйича Astana Open халқаро фестивалида ғолиб бўлди.
Фестивалда Қозоғистон ва Ўзбекистондан жами 27 та мактаб жамоалари иштирок этди. Икки кунлик фестивал доирасида Мусиқий хамса, Эрудит-квартет, Шахсий ўйин ва “Заковат” бўйича беллашувлар олиб борилди.
“Заковат” ўйинида 1-ўринни Поп туманидаги 67-ИДУМнинг “Гексагон” жамоаси эгаллади. Мазкур жамоа 2023 йили Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасидаги “Заковат” турнирида ҳам 1-ўринни қўлга киритган эди.
Шунингдек, “Заковат” ўйинида 3-ўринни ҳам Ўзбекистондан борган жамоа — Sehriyo School мактабининг Vorpal Swords жамоаси эгаллади.
Ўзбекистоннинг яна бир жамоаси — International Talent Academy таълим муассасасининг “Академия талантов” жамоаси Эрудит-квартет баҳсларида 3-ўринни қўлга киритди.
Ўзбекистонликлар Шахсий ўйин баҳсларида ҳам медалларни қўлга киритди. 2- ва 3-ўринлар “Академия талантов” жамоаси аъзолари — Егор Дёмин ҳамда Софя Корзикка насиб этди.
Мусобақада совриндор бўлган ҳар учала жамоа ҳам “Заковат интеллектуал клуби” ННТ томонидан ўтказиб келинадиган “Заковат” бўйича Ўқувчилар лигаси, “Заковат: Школная лига” ва бошқа бир қатор мусобақаларда мунтазам қатнашиб, юқори ўринларни эгаллаб келади.
Изоҳ (0)